Ўзбекистон фуқароси Қозондаги изоляторда 45 кун сақланганини айтди. Бош консулхона изоҳ берди

09:00 | 4 дақиқада ўқилади.

2 сентябр куни Саратов вилояти Ички миграция бўлими томонидан Бош консулхонага мазкур фуқаро учун Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштириш юзасидан сўровнома келиб тушган.

Qamoqxona

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг Россиянинг Қозон шаҳридаги хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш муассасасида 45 кун давомида сақланиб келинаётгани ва ватанига қайтишда ёрдам сўрагани ҳақидаги видеолавҳа тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ўрганишлар натижасида видеолавҳада тилга олинган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси М.А. (1983 йилда таваллуд топган) экани аниқланган. Маълум бўлишича, фуқарога нисбатан Қозон шаҳрида эмас, балки Саратов вилоятининг Озинск тумани ИИБ ходими А.Ш. томонидан жорий йилнинг 2 август куни Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 1.1-қисми (мамлакатда қолиш режимини бузиш) бўйича ҳуқуқбузарлик содир этгани учун маъмурий чоралар қўлланилган ва Россия ҳудудидан мажбурий чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Фуқаро М.А. шу йилнинг 11 июл санасида ҳам юқоридаги модда бўйича ҳуқуқбузарлик содир этгани учун жавобгарликка тортилган. Шунингдек, М.А. тегишли хорижга чиқиш паспортида Россия Федерацияси давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳақидаги муҳрларнинг қалбакилаштирилганлик аломатлари мавжудлиги боис, ҳужжат экспертизага юборилган.

Бундан ташқари, 2025 йил 2 сентябр куни Саратов вилояти Ички миграция бўлими томонидан Бош консулхонага мазкур фуқаро учун Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштириш юзасидан сўровнома келиб тушган. Мазкур сўровнома Консулхона томонидан тезкор равишда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал қилинган. Ҳозирда, Саратов вилояти Ички миграция масъул ходимининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонага хизмат сафарини амалга ошириши кутилмоқда.

«Қозон шаҳридаги Бош консулхона вазиятни назоратга олган ва масала бўйича зарурий чора-тадбирларни кўришда давом этмоқда», — дейилади хабарда.