2025 йилнинг биринчи ярмида Россия иқтисодиёти сезиларли сустлашди. Жорий йилнинг биринчи чорагида ЯИМ ўсиши атиги 1,4 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, Brent маркали нефт нархи 65 доллар атрофида, экспорт тушумлари камаймоқда ва санкциялар тобора кенгаймоқда.
Шунга қарамай, рубл 2025 йилда дунёдаги энг барқарор валюталардан бири сифатида намоён бўлмоқда. У долларга нисбатан 38 фоизга ўсган, ҳатто олтиндан кўра яхши натижа кўрсатган. Бу валюта мустаҳкамлиги ортида бир нечта геосиёсий ва молиявий омиллар бор.
Аввало, Доналд Трамп маъмуриятининг протекционист сиёсати, айниқса Хитой маҳсулотларига нисбатан тарифларни ошириши, долларнинг халқаро мавқеини заифлатмоқда. Бу Россия активларига бўлган қизиқишни оширган. Қолаверса, Россияда юқори фоизли активлар сақланиб қолмоқда, инфляция пасаймоқда, Марказий банк эса қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттирмоқда.
Ҳатто бюджет харажатларининг кескин кўпайиши ҳам рублнинг ташқи барқарорлигига жиддий таъсир қилгани йўқ. Аммо экспертлар бу ҳолат узоққа чўзилмаслигини таъкидламоқда. Айниқса, импортнинг ўсиши, янги санкциялар ва глобал долларнинг тикланиши рублнинг заифлашишига сабаб бўлиши мумкин.