АҚШ Федерал захира тизими 9 ой деганда ниҳоят базавий ставкани пасайтирди

15:30 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ Федерал захира тизими базавий ставкани 0,25 бандига пасайтириб, 4,00–4,25 фоиз оралиғида белгилади. Ставканинг туширилиши доллар индексининг 96,2 гача пасайишига олиб келди.

Aqsh

АҚШ Федерал захира тизими 9 ой танаффусдан кейин биринчи марта базавий ставкани пасайтирди. Қарорга кўра, ставка 0,25 бандига туширилиб, 4,00–4,25 фоиз даражасида белгиланди. Бу қадам иқтисодий ўсиш секинлашиши ва инфляция босими кучайиши ортидан амалга оширилди.

Регулятор маълумотларигакўра, йилнинг биринчи ярмида иқтисодий фаоллик пасайган, янги иш ўринлари яратилиши сустлашган ва ишсизлик ошган. Шу билан бирга, инфляция юқори даражада қолмоқда. Федерал захира узоқ муддатда иш билан таъминланишни барқарор ушлаб туриш ва инфляцияни 2 фоиз атрофида сақлашни мақсад қилиб қўйган.

Ставка туширилиши эълон қилинганида доллар индекси 96,2гача пасайди, евро/доллар курси 1,19га кўтарилди, олтин эса 3 710 долларгача қимматлади. Бироқ қарордан сўнг бозорларда нисбий барқарорлик қайд этилди.

Маълумотларга кўра, Федерал захира сўнгги беш йиғилишда ставкани ўзгаришсиз қолдирган. Бу жараён Доналд Трамп маъмуриятининг савдо ва бож сиёсати иқтисодиётга қандай таъсир қилаётганини баҳолаш учун амалга оширилган эди. Президент Трамп эса кечаги қарорни «етарли эмас» деб баҳолади.

Овоз бериш жараёнида Жером Пауэлл ва Жон С. Уильямс бошчилигидаги кўпчилик аъзолар қарорни қўллаб-қувватлади. Фақат битта аъзо — Стивен И. Миран ставка 0,5 бандига туширилиши кераклигини айтган.