Юқори рейтингга эга тадбиркорларга 1,8 трлн сўм ҚҚС 1 кунда қайтарилди

19:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Шунингдек, юқори рейтингга эга тадбиркорларга бошқа солиқлар бўйича ортиқча тўловларни 3 кун ичида қайтариш ва солиқ текширувларидан озод этиш афзалликларни тақдим этади

Qqs

2025 йил бошидан буён ААА рейтингига эга тадбиркорларга 1,8 трлн сўм ҚҚС 1 кунда қайтарилган. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, 2024 йилдан бошлаб Ўзбекистонда тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги жорий этилган эди. Шунга кўра энди бизнес фаолияти солиқ интизоми ва молиявий барқарорликнинг 23 та мезони асосида электрон тизим орқали баҳоланмоқда.

Баҳоланган бизнес фаолиятлари натижаларига қараб, тадбиркорлар энг юқори ААА (96–100 балл) даражадан энг паст D (25 баллдан кам) даражагача бўлган тоифаларга ажратилади.

Юқори рейтингга эга бўлган тадбиркорларга қуйидаги афзалликларни тақдим этади:

— солиқ текширувларидан озод этиш (ААА);

— текширувсиз ҚҚСни 1 кунда қайтариш (ААА);

— бошқа солиқлар бўйича ортиқча тўловларни 3 кун ичида қайтариш (А ва ундан юқори).

Маълум бўлишича, ҳозирги кунда тизимда 552,8 мингдан ортиқ тадбиркорлар рўйхатдан ўтган. Улардан 2,3 мингтаси ААА рейтингига эга. 192 мингтаси эса D тоифага киради.

Шу билан бирга, юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлар ҳар йили 20 август — Тадбиркорлар куни арафасида тақдирлаш учун давлат мукофотлари ҳамда «Фаол тадбиркор» кўкрак нишонига тавсия этилади.

Корхонанинг мазкур рейтингдаги ўрнини Савдо-саноат палатаси веб-сайти орқали корхона СТИР рақамини киритган ҳолда билиш мумкин, дейилади Савдо-саноат палатаси хабарида. Шунингдек улар корхоналар учун қандай қилиб юқори балл тўплаш мумкинлиги ҳақида тавсиялар ҳам бериб ўтган.