«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси маълум қилишича, Тянжин портидан Тошкентга темирйўл орқали илк поезди йўлга чиқди. Бу порт Хитойнинг энг йирик савдо дарвозаларидан бири бўлиб, 400 дан зиёд халқаро портлар билан алоқада. Эндиликда у Марказий Осиёга тўғридан-тўғри темирйўл алоқасига эга бўлди.
Мутахассислар таъкидлашича, янги йўналиш юк ташиш масофасини 800 километргача қисқартиради. Бу эса товар етказиб бериш муддати ва харажатларини камайтиради. Минтақавий савдо, экспорт ва импорт ҳажмида ўсиш кутилмоқда.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда Хитой компаниялари Ўзбекистон ерларини «эгаллаб олаётгани» хусусидаги хабарларга инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Иззат Қосимов изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, чет элликлар Ўзбекистонда ер сотиб олиш ҳуқуқига эга эмас, ер фақат 25 йилгача ижара асосида, очиқ аукцион орқали берилади. Сармоя учун очиқ ва тенг шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишидир.
Сўнгги уч йилда Хитой инвестицияларининг 62 фоизи саноат, 11 фоизи энергетика ва 4 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳаларига тўғри келмоқда. Жиззахдаги BYD автомобил заводи, қайта тикланувчи энергия лойиҳалари ва тўқимачилик саноатидаги ҳамкорликлар бу сармояларнинг технологик йўналишини намоён этмоқда.
Муттахассисларнинг фикрича, Хитой сармоялари фақат иқтисодий манфаат эмас, балки янги иш ўринлари яратиш, технологияларни жалб қилиш ва маҳаллий салоҳиятни ривожлантириш учун ҳам муҳим омилга айланмоқда. Янги темирйўл тармоғи эса бу жараёнларни янада жадаллаштириши мумкин.