Мубашшир Аҳмадга 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси сўралди

20:20 | 5 дақиқада ўқилади.

18 сентябр куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо, “AzonUz” ҳамда “Azon Global” интернет нашрлари асосчиси Алишер Турсуновга оид навбатдаги суд маҳкамаси бўлиб ўтди.

Mubashir ahmad

Vaqt.uz мухбирига кўра, суднинг бугунги музокара қисмида давлат айбловчиси – Учтепа туман прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев суддан Турсуновни Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбдор деб топиб, унга нисбатан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўради.

Хусусан, прокурор суддан судланувчини Жиноят кодексининг 156-моддаси бўйича айбдор деб топган ҳолда 4 йилга, 244-1-моддаси бўйича айбдор деб топган ҳолда 7 йилга ва 244-3-моддаларида назарда тутилган ҳаракатларни содир қилишда айбли топиб, БҲМ 150 баравари миқдорида жаримага тортишни, шунингдек, ЖКнинг 59-моддасини қўллаган ҳолда ўзаро санкцияларни қўшиш йўли билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳамда БҲМнинг 150 баравари миқдорида жаримага тортишни сўради.

Судланувчини ҳимоя қилаётган адвокатлар жамоаси эса суддан Алишер Турсунов айбланаётган иккита модда — «Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тарқатиш» ҳамда «Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш»ни олиб ташлашни сўради. Ҳимоячилар, шунингдек, материалларни Дин ишлари бўйича қўмита рухсатисиз тарқатишга доир айбловни қисман тан олиб, бу ҳаракат ижтимоий хавфлилигини йўқотганини билдиришди. Шу сабабли, уни ЖК 70-моддаси тартибида бекор қилишни, тергов органлари расмийлаштириб олган техника ва ашёларни қайтаришни сўради.

Абдуллоҳ Содиқ бошчилигидаги адвокатлар жамоаси суддан шунингдек, Мубашшир Аҳмаднинг йирик диний уламолардан экани, бутун умр жамиятга диний ва маърифий илм улашиб келаётгани, қолаверса, саломатлигида шифокорлар тасдиқлаган жиддий муаммолар борлиги ҳамда оилада ягона боқувчи эканига эътибор қаратишни сўради.

Мубашшир Аҳмаднинг ўзи эса ҳимоячиларнинг фикрига қўшилиши ва суднинг музокара қисмидаги сўзлаш ҳуқуқидан фойдаланишдан воз кечишини билдирди.

Судя Бобур Раҳимов 22 сентябр куни айбланувчига сўнгги сўз берилиши ҳамда ҳукм чиқариш учун маслаҳатлашув хонасига киришини билдирди.

Маълумот учун, Алишер Турсунов Жиноят кодексининг қуйидаги учта моддаси бўйича айбланмоқда:

  • 244-3-модда: Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш;
  • 244-1-модда: Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш;
  • 156-модда: Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш.