Наманган марказини пойтахт Тошкент билан боғлайдиган «Пунгон-Наманган» йўлининг 75 километри реконструкция қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябр куни бўлиб ўтган Намангандаги йиғилишда маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур йўлда кунига 15 минг транспорт ҳаракатланади. Шунинг учун «Пунгон-Наманган» йўлининг 75 километри реконструкция қилинади. Бу йўл 246 миллион доллар ҳисобига 4 тасмали, бетон қопламали қилиб қурилади, 34 та кўприк, 22 та пиёдалар ўтиш жойлари барпо этилади.
Президент Наманганда йўл, ичимлик суви, уй-жой каби ҳаётий зарур инфратузилмани ривожлантириш ҳам энг долзарб масалалардан эканини таъкидлади. Уйчи, Учқўрғон ва Норин туманлари аҳолисини вилоят маркази ва бошқа туманлар билан боғловчи асосий йўлдаги тирбандлик қийнаб келаётган эди.
«Шу боис, 63 миллиард сўм ҳисобига Норин дарёси устидан 480 метр узунликдаги янги кўприк қурилмоқда. Уйчи орқали Учқўрғон ва Норин туманлари марказига етиб бориш 20-25 километрга, Нориндан Балиқчига 35-40 километрга қисқаради. Вилоят аҳолиси талабини инобатга олиб, Қорадарё устидаги 63 йил олдин қурилган Наманган ва Андижон вилоятларини боғловчи 180 метрли эски кўприкни реконструкция қилиш бошланди. Бунинг натижасида транспорт қатнови 2 баробар ошади, йўлга кетадиган вақт 1,5 карра қисқаради, тирбандлик кескин камаяди», — деган президент. Унинг сўзларини давлат раҳбари матбуот хизмати нашр этди.
Президент мутасаддиларга Наманган халқи узоқ йиллардан буён кутаётган мана шу 2 та кўприкни келгуси йилда ишга тушириш, 694 километр йўл ва маҳаллалардаги 7 та кичик кўприкни таъмирлашни эса жорий йилда якунлашни топширган.