Лондонда Буюк Британия Бош вазири Кийр Стармер билан ўтказилган матбуот анжуманида Доналд Трамп 2021 йилда АҚШ ҳарбийлари тарк этган Баграм авиабазаси масаласига тўхталиб ўтди.
«Биз Афғонистонни тарк этмоқчи эдик, лекин буни куч билан ва шараф билан амалга оширмоқчи эдик. Биз дунёдаги энг йирик ҳарбий базалардан бири — Баграмни сақлаб қолмоқчи эдик. Лекин уни шунчаки топшириб юбордик», — деди Трамп.
Унинг таъкидлашича, Америка ҳозирда Баграм авиабазасини қайтариб олиш йўлини изламоқда.
«Айтмоқчиман, биз у ерга қайта кириш ҳаракатидамиз. Бу эҳтимол сенсацион хабар бўлиши мумкин. Базадан бир соатлик масофада Хитой ўзининг ядровий қуролларини ишлаб чиқаради. Демак, у ерда жиддий жараёнлар бўляпти», — дея қўшимча қилди у.
Баграм авиабазаси — Афғонистоннинг Парвон вилоятида жойлашган, 2001–2021 йиллар мобайнида АҚШ ва НАТО кучларининг асосий ҳарбий логистика маркази ҳисобланган эди.