Путин мигрантлар учун патент тизимини бекор қилиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда

08:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Россияда меҳнат мигрантларига патент асосида ишлаш ҳуқуқини берувчи тизимни бекор қилиш таклиф этилди. РФ президенти бу масала бўйича фикр юритишини билдирди.

Putin patent

18 сентябр куни Россия президенти Владимир Путин парламент фракциялари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди. Унда «Адолатли Россия — Ҳақиқат учун» партияси раҳбари Сергей Миронов патент тизимини бекор қилишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, иш берувчилар фақат керакли ишчи қувватини олиб келиши ва улар оила аъзоларини Россияга олиб келмаслиги керак.

«Патент тизимини бекор қилиш керак. Ишчи қўл керак бўлса, келсин, ишласин, кейин кетсин», — деди Миронов.

Путин бу таклифга жавобан масалани муҳокама қилишга тайёр эканини билдирди:

«Патент тизими кенг қўлланиляпти. Мен ҳеч нарсани истисно қилмайман. Бу масала бўйича ҳамкасблар билан биргаликда иш олиб боринг», — деди у.

Ҳозирги тизимга кўра, Ўзбекистон, Тожикистон ва Озарбойжон каби визасиз давлатлардан келган мигрантлар Россияда ишлаш учун патент олиши керак. У 1 ойдан 1 йилгача амал қилади ва фақат муайян ҳудуд ва соҳаларда ишлашга рухсат беради. 2024 йилда мигрантларга берилган патентлар сони 2 млн.тани ташкил этди.

Миронов шунингдек, Россия қонунларини бузган мигрантлар ва уларнинг оилаларини бутунлай депортация қилишни таклиф этди. «Жиноят қилган мигрантга жавобгарликни юклаган ҳолда, унинг оиласи ҳам мамлакатдан чиқарилиши керак», — деди у.

Янги сиёсат «келди—ишлади—кетди» тамойилига асосланиши кутилмоқда. Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетниковнинг таъкидлашича, Россияда мигрантларнинг оилавий рўйхатдан ўтиш ва мактабгача таълимдан фойдаланиши керак эмас. Унинг сўзларини ЛДПР раҳбари Леонид Слуцкий ҳам қўллаб-қувватлади.

Шу билан бирга, Россияда ишчи кучи танқислиги тобора кучаймоқда. 2025 йил июли ҳолатига кўра, ишсизлик даражаси 2,2 фоизни ташкил этиб, тарихий энг паст кўрсаткич бўлди. РФ Саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, саноат соҳасида 1,9 млн ишчи етишмайди.