Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнида муҳим силжиш кузатилди — мамлакат Аргентина, Австралия ва Ҳондурас билан бозорга кириш бўйича келишувларга эришиб, расмий протоколлар имзолади. Бу ҳақда президентнинг ЖСТ бўйича вакили Азизбек Ўрунов ўзининг LinkedIn саҳифасида маълум қилди.
Ўрунов ушбу келишувларни Ўзбекистоннинг кўп томонлама савдо тизимига интеграцияси йўлидаги халқаро ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлашнинг аниқ белгиси сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, яна икки мамлакат билан «принципиал келишув»га эришилган, аммо ҳозирча улар номаълум қолмоқда.
«Ҳар бир имзо Ўзбекистонни ЖСТга тўлақонли аъзо бўлишга яқинлаштирмоқда. Бу аҳамиятли босқич — мамлакатимиз иқтисодиёти, минтақамиз ва бутун дунёдаги савдо ҳамкорларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади», — деб ёзди Ўрунов.
Айни пайтда Ўзбекистон 29 та аъзо давлат билан икки томонлама келишувларни якунлаган, яна 2 давлат билан келишув ҳужжатлаштирилиши кутилмоқда. Якуний босқичда 3 мамлакат қолмоқда. Ўрунов буни «тескари ҳисоб учтага камайди», деб ёзди.
18 сентябр куни Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Женевада ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказди. У республикадаги ислоҳотлар, ЖСТга қўшилишдаги муаммолар ва шерикликнинг аҳамияти ҳақида очиқ мулоқот бўлганини билдирди.
Аввалроқ Ўзбекистон 33 мамлакат билан музокаралар олиб борган, шундан 24 таси муваффақиятли якунланган эди. Мақсад — йил якунига қадар қолган 9 давлат билан ҳам келишувга эришиш.