Саудия Арабистони ва ядровий қуролга эга Покистон расмий равишда ўзаро мудофаа пактини имзолади. Бу ҳақда Al-Jazeera хабар берди.
Мудофаа пакти 17 сентябр куни Ар-Риёддаги учрашувда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф томонидан имзоланган. Ушбу келишув Исроилнинг Қатардаги Ҳамас етакчиларига ҳужумидан сўнг чақирилган Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда йиғилишидан икки кун ўтиб эълон қилинди.
Қўшма баёнотда айтилишича, келишув икки давлатнинг минтақада хавфсизлик ва тинчликни таъминлаш, ҳар қандай тажовузга қарши қўшма чораларни мустаҳкамлаш йўлидаги интилишларини ифода этади. Шўнингдек унда, қайси давлатга тажовуз қилинмасин, бу ҳар иккаласига қилинган тажовуз сифатида баҳоланиши қайд этилган. Саудия ва Покистон муносабатлари тарихий шериклик ва умумий стратегик манфаатларга асосланиши ҳам таъкидланган. Пакт имзолангандан кейин икки раҳбар бир-бирини қучоқлагани ҳам телевидение орқали намойиш этилган.
Reuters агентлиги ёзишича, янги мудофаа алоқалари АҚШни кўп йиллик асосий хавфсизлик кафолатчиси сифатида қабул қилиб келган Кўрфаз давлатлари орасида шубҳа кучайган бир пайтда пайдо бўлди. Яқинда Исроилнинг Қатарга ҳужуми бу хавотирларни янада оширгани таъкидланди. Саудиялик расмийларнинг сўзларига кўра, келишув муайян мамлакат ёки воқеаларга жавоб сифатида эмас, балки узоқ муддатли ва чуқур ҳамкорликни институционаллаштириш мақсадида имзоланган.
Бироқ таҳлилчилар ушбу пакт минтақадаги стратегик мувозанатга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этмоқда. Саудия расмийси эса Покистоннинг рақиби бўлган Ҳиндистон билан муносабатларда ҳам мувозанатни сақлаш зарурлигини тан олди. Шу билан бирга, журналистларнинг «Покистон Саудияга ядровий қалқон бўладими?» деган саволига, расмий «бу барча ҳарбий воситаларни қамраб олувчи кенг қамровли мудофаа келишуви» деб жавоб берган.