Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати кўтарилади

17:00 | 2 дақиқада ўқилади.

19–21 сентябр кунлари Ўзбекистонда ҳаво асосан қуёшли ва илиқ бўлади. Якшанба куни айрим ҳудудларда ҳарорат +34 даражагача кўтарилиши кутилмоқда, шимолда эса шамол кучайиши мумкин.

Ob havo

«Ўзгидромет» маълумотига кўра, 19–21 сентябр кунлари мамлакат бўйлаб ҳаво асосан бироз булутли бўлади. Ҳудудларда ёмғир кутилмайди, аммо айрим вилоятларда қисқа муддатли ёғингарчилик эҳтимоли бор.

Жума куни кундузги ҳарорат +25…+28 даража, мамлакатнинг жанубий ҳудудларида +30 даражагача кўтарилади. Шанба куни чўл ҳудудлари ва жанубда ҳарорат сезиларли ошиши кутилмоқда. Якшанба куни эса марказий ҳудудларда кундузи +32…+34 даражагача исийди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 20–21 сентябр кунлари айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдирақ кузатилиши мумкин. Бу ҳудудларда ҳаво ҳарорати нисбатан пастроқ бўлиб, +23…+28 даража атрофида бўлиши айтиб ўтилган.

Шимолий вилоятлар ва чўл ҳудудларида шамолнинг 13–18 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Айрим жойларда чанғ-тўзонлар кузатилиши эҳтимоли ҳам юқори.

Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли ва ўзгарувчан бўлади. Ёмғир кутилмайди. Шамол шарқдан 3–8 м/с тезликда эсиши кутилмоқда. Жума куни пойтахтда ҳарорат +26 даража, шанба куни +28…+30 даража, якшанба куни эса +32…+34 даражагача кўтарилади.