ОАВда суицидни ёритиш юзасидан баҳслар кучайди: жамоатчилик нима дейди?

18:00 | 10 дақиқада ўқилади.

Бош прокурорнинг суицид ҳақида хабарларни тарқатишга чеклов қўйиш таклифи жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Mehrinoz

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи аёл икки фарзандини 4-қаватдан ва ўзини 8-қават деразасидан ташлагани, унинг ўзи ҳалок бўлгани, норасида фарзандлари эса тирик қолгани ҳақида маълум қилган эдик.

Бош прокуратура маълумотига кўра, можарога эр-хотин ўртасидаги рашк сабаб бўлган.

Воқеа ортидан жамоатчилик фаолларида турли фикр-мулоҳазлар вужудга келди. Бунга Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматулла Йўлдошевнинг 13 сентябр куни айтган ўз жонига қасд қилиш, унинг усуллари ҳақида маълумотларни ошкор қилганлик ҳамда уни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатганлик учун жавобгарлик белгилаш вақти келди мазмунидаги фикри сабаб бўлган.

Хусусан, журналист Азиза Қурбонова Ниғматулла Йўлдошевнинг фикрига қўшилишини айтиб, ўз жонига, айниқса фарзандлари жонига суиқад қилганларнинг ҳикояси янгиликлар сайтларида, телеканалларда деталлаштириб ҳикоя қилинишига қарши эканлигини билдирган.

«Кеча уйқуга ётишдан олдин Инстаграмдаги оммавий ахборот аккаунтида шундай воқеий пост кўрдим, бугун эрталаб эса яна бир она ва болалари ҳақидаги хабарни машҳур янгилик сайтида ўқидим. Очиғи, бу жуда кўп.

Агар бу аянчли воқеаларни тизимлаштирса, жиноят ссенарийси бир хиллиги кўринади. Бу худди Теодор Драйзернинг «Америка фожиаси» асаридаги каби: бош қаҳрамон газетада ўқиган қотиллик сценарийсини худди ўзи қайтариб, собиқ севгилиси умрига зомин бўлади», дея фикрини давом эттирган Қурбонова.

Шунингдек, журналист суицид масаларида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг медиа учун махсус қўлланмасида келтирилган талаблар билан бўлишган:

  • Суиқасд усули ва жойини батафсил кўрсатиш мумкин эмас.
  • Воқеани сенсация ёки драматизация қилиш мумкин эмас.
  • «Маълум бир сабабдан суиқасд қилди» каби соддалаштирилган хулосалардан сақланиш керак.
  • Хабар охирида ҳар доим психологик ёрдам хизматлари ва қўллаб-қувватлаш манбалари ҳақида маълумот бериш тавсия этилади.
  • Нейтрал тилдан фойдаланиш лозим: «committed suitside» ўрнига «died by suitside» ёки «suitside attempt» каби иборалар ишлатилади.

Яна бир жамоатчилик фаоли Шаҳноза Соатова ҳам Бош прокурор фикрига қўшилиб, аёлларнинг болалари билан биргаликда ўз жонига қасд қилиши кўпайиши  ижтимоий тармоқлар кенг ёйилган сўнгги йилларга тўғри келаётганига иддао қилди.

«Буни айнан ижтимоий фикр таъсирида такрорланаётган «тақлидий жиноят» дейиш мумкин:  чунки бир одам бошлади, ОАВ тафсилотлар билан эҳтиросли ёритди, кўпчилик муҳокама қилди, қурбонни оқлади, ҳамма марҳумдан қаҳрамон ясади, натижада уларга тақлид қилувчилар кўпайди. Италиялик қиз айтганидек, «Бундай кўмиш маросимлари қандай чиройли? »деган фикр нечта одамда пайдо бўлди ва яна қанча потенциал болакушлар орамизда юрибди – худо билади. Бу даҳшат!

Албатта, сабаблар ҳақида ўйланиши, муҳокама қилиниши керак, чунки бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун ҳам бу муҳим. Лекин такрорланишига энг катта сабаблардан бири ўзимиз, бизнинг шу ахборотларни тарқатишимиз, тафсилотларга ўчлигимиз ва болакушларни оқлаётганимиз эканини ҳам англашимиз лозим», — деб ёзди у.

Журналист Мухрим Аъзамхўжаев эса Ниғматулла Йўлдошевнинг фикрига ҳозирча қўшила олмаслигини айтиб, бунга прокурорнинг айнан нимани тарибга солмоқчи эканини очиқ айтмаганини сабаб қилиб келтирган.

Аъзамхўжаев Шаҳноза Соатованинг 80-йилларда авж олган аёлларнинг ўзини ёқиш тенденциясининг 90-йилларга келиб пасайишига матбуотда хотин-қизлар ўзига ўт қўяётгани ҳақида материаллар бермай қўйилгани сабаб эканлиги ҳақида фикрини ўринсиз эканлигини айтди.

«Ўзбекистонда 1980-йиллар охири — 1990-йиллар бошидаги қисқа муддатли эркинликдан сўнг, суицид каби оғир ҳолатлар ҳақида нафақат батафсил маълумот, балки қуруқ статистика ҳам қаттиқ яширилганидан келиб чиқилса, биз хотин-қизлар орасида ўзига ўт қўйиш ОАВдаги шу ҳақдаги материаллар йўқолгани сабаб  камайганми ёки кейинчалик, нисбатан тўқчилик сабабми, билмаймиз (эҳтимол, умуман камаймагандир ҳам — ахир маълумот йўқ-ку).

Бу ҳақда бирор тузукроқ тадқиқот ҳам бўлмаса керак — ахир тадқиқот учун ахборот, маълумот керак…», — деди у.

Журналист постида оммавий тарғибот бошланса, одамларда суицид кўпайиб кетибди, деган фикр пайдо бўлади, деган тентак тушунчадан ҳам воз кечиш кераклигини, одам чорасиз ва оғир вазиятда қолганида ёрдам ола билиши мумкин бўлган давлат ва нодавлат тузилмалар бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, Муҳрим Аъзамхўжаев Азиза Қурбонованинг «ОАВ [суицид ҳақидаги хабарларни] яланғоч, салбий сенсация билан бергандан кўра, ижтимоий масъулиятни ҳис қилиб ёритса, унинг обрўси ҳам ошиб, жамият учун фойдаси ҳам катта бўлади», — деган фикрига қуйидагича муносабат билдирибди: «ОАВлар ишига аралашиш, уларга нимани қандай ёзишни ўргатиш бас қилинса, ҳув 2017-2018-йиллардаги очиқлик сиёсатига қайтилса, ОАВларнинг обрўси ҳам, жамият учун фойдаси ҳам, ўзининг моддий даромади ҳам ошаверарди. Ўсиб, бойиб, ривожланаётган ОАВ этика масаласини ҳам ҳал қилиб олади — кейин. Аввал иқтисод, кейин сиёсат», деб ёзади у.

Фақат Бош прокуратура «ўз жонига қасд қилиш ҳолатиҳақидаги маълумотларни ошкор қилганлик учун», дейилганда айнан нима назарда тутгани ҳақида маълумот бериши вазиятга ойдинлик киритиши, аниқ хулосаларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.

Меҳриноз Фармонова тайёрлади.