Ҳайдовчилик гувоҳномасини онлайн тиклаш хизмати йўлга қўйилди

18:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Ягона давлат хизматлари порталида ҳайдовчилик гувоҳномасини йўқотган фуқаролар учун онлайн тиклаш хизмати ишга туширилди. Хизмат тезкор, қулай ва тўлов асосида амалга оширилади.

Yaidxp

ЯИДХП матбуот хизмати маълумотига кўра, энди фуқаролар my.gov.uz сайти орқали «Ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш» хизматини танлаб, «Йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш» бўлимида ариза топширишлари мумкин.

Хизмат учун тўлов миқдори 370 800 сўм этиб белгиланган. Шунингдек, гувоҳномани почта орқали танланган манзилга етказиб бериш хизматидан ҳам фойдаланиш мумкин бўлиб, бунинг учун қўшимча 25 000 сўм тўланади.

Янги тартибда аризалар 1 иш кунида кўриб чиқилади. Агар почта орқали етказиб бериш хизмати танланса, умумий муддат 3 иш кунигача чўзилиши мумкин.

Шу билан бирга, маълумотлар тизимда тасдиқланмаган ҳолларда, фуқаро транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган бўлса ёки унга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган тақдирда ариза рад этилади. Хусусан, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131 ва 136-моддаларида назарда тутилган қоидабузарликлар ҳам рад этиш сабаби бўлиши мумкин.

Бу янгилик ҳайдовчиларга вақти ва саъй-ҳаракатини тежаш имконини беради, чунки энди гувоҳномани тиклаш учун идораларга бориш шарт эмас.

Эслатиб ўтамиз, 1 октябрдан мопед ва скутерларга авторақам тақилади ва ҳайдовчилик гувоҳномаси билан бошқарилади.