«Толибон» Трампга жавоб қайтарди

20:40 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Афғонистондаги Баграм авиабазасини яна Американинг назоратига қайтариш режаси Кабул томонидан рад этилди.

Trump

Кобул АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан билдирилган Афғонистондаги Баграм авиабазасини Америка назоратига қайтариш ниятини рад этди. Бу ҳақда «Толибон» Ташқи ишлар вазирлиги вакили Зокир Жалол маълум қилди, дея Al Jazeera хабар бермоқда.

У Кобул Вашингтон билан мулоқотга тайёр эканлигини, бироқ Афғонистон ҳудудида Америка ҳарбий кучларининг қайта жойлаштирилишини қатъиян рад этишини айтди.

«Афғонистон ва АҚШ ўзаро ҳамкорлик қилиши лозим, аммо бу Қўшма Штатларнинг Афғонистоннинг бирон-бир ҳудудида ҳарбий мавжудлигини сақлаб қолмасдан амалга оширилиши керак», — дея изоҳ берди Ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Жалолнинг таъкидлашича, Кобул Вашингтон билан «ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатлар» асосида сиёсий ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга тайёр.

Маълумот учун, 2001 йилдан 2021 йилгача Баграм аэродроми АҚШ бошчилигидаги халқаро коалициянинг энг йирик ҳарбий базаси бўлган. Америкаликлар 2021 йил 1 июлда базани тарк этган, ортидан эса 15 август куни «Толибон» ҳокимиятга келгач, уни тўлиқ ўз назоратига олган эди.

Трампнинг Баграм базасини қайтариб олиш нияти ортида Хитой билан кескинлашган муносабатлар ҳам турибди. Яқин ойларда Вашингтоннинг Пекинга нисбатан ишончи йўқолган. Бунинг сабаби Хитойнинг АҚШ босими олдида бўйсунмаслиги, янги божларга бош эгмаслиги ва Ғарбдан узоқ, Америкага яқин бўлмаган давлатлар билан стратегик мулоқотларни фаоллаштирганидир.