Бугун, 19 сентябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп ва Хитой раҳбари Си Жинпинг телефон орқали суҳбатлашди. Бу икки давлат раҳбарларининг сўнгги уч ойдаги илк мулоқоти бўлди.
Хитой давлат оммавий ахборот воситаларига кўра, суҳбат ижобий ва конструктив руҳда ўтган. Си Жинпинг икки томонни тинчликни қадрлашга, тарих сабоқларини унутмасликка ва фаровон келажак қуришга чақирди. Шу билан бирга, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Reuters маълумотларига кўра, мулоқотнинг асосий мавзуси TikTok бўлиши мумкин. Вашингтон Хитойнинг ByteDance компанияси платформанинг Америка бўлинмасини сотмаса, TikTok’ни АҚШ ҳудудида блоклаш билан таҳдид қилган. Трамп 16 сентябр куни қарорни 16 декабргача кечиктиришини эълон қилганди.
The Washington Post эса Трампнинг ёзда Тайванга қиймати 400 миллион доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам пакетини маъқулламагани ҳақида хабар берди. Манбаларга кўра, бу қарор Си Жинпинг билан келишувларга эришиш ва эҳтимолий саммитга тайёргарлик жараёнига боғлиқ бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, АҚШ маъмурияти Тайванга 500 миллион долларлик янги қўшма ҳарбий ёрдам бўйича ҳам Конгрессни хабардор қилган. Бу масала ортидан Вашингтон ва Пекин муносабатлари янада таранглашиши эҳтимол қилиняпти.