Бугун, 19 сентябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев она сути ўрнини босувчи маҳсулотлар рекламасини чеклашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, болалар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт ва экспорт қилиш, ташиш, сақлаш, сотиш ва етказиб беришга оид талаблар ҳамда стандартларни такомиллаштириш таклифини маъқуллади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ҳисобот билан танишган. Йиғилишда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинган. Таъкидланганидек, бутун дунёда болаларни она сути билан озиқлантириш муаммоси долзарб бўлиб, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлардан фойдаланиш суръати ортиб бормоқда.
2030 йилга қадар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган кўрсаткич – 6 ойгача бўлган болаларнинг 70 фоизи фақат она сути билан озиқлантирилишига эришиш мақсадида мамлакатимизда она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш миллий дастури тасдиқланади.
Дастур доирасида ЖССТ ва ЮНИСЕФнинг «Она сути билан озиқлантириш учун қулай шароит яратувчи тиббиёт муассасаси» ва «Она сути билан муваффақиятли озиқлантириш сари 10 қадам» ташаббуслари жорий этилади. Тиббиёт ходимларини она сути билан озиқлантириш бўйича ўқитиш, ҳомиладор аёллар ва оналарнинг билимини ошириш тадбирлари ўтказилади.
Қонунчиликка она сути ўрнини босувчи маҳсулотлар рекламасини чеклашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, болалар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт ва экспорт қилиш, ташиш, сақлаш, сотиш ва етказиб беришга оид талаблар ҳамда стандартларни такомиллаштириш таклиф этилган.
Президент билдирилган таклифларни маъқуллаб, тиббиётни аҳолига яқинлаштириш ва сифатини ошириш, юқумли бўлмаган касалликлардан ўлимни камайтириш, ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича қатор топшириқлар берган.