Самарқанд шаҳрида бир эркак ва бир аёл одам жасадини қопқа солиб, аравада олиб кетаётган пайтда қўлга олинди Бу ҳақда Mahalla телеканали хабар берди.
Маълумотларга кўра, 24 август куни Самарқанд шаҳрининг «Навбоғчиён» ва «Бўстон» маҳаллалари раислари ҳудудни айланиш жараёнида икки шахснинг шубҳали ҳаракатларини пайқаган. Улар болалар аравасида, елим идишлар орасида қоп яшириб, қабристонга йўналган эркак ва аёлни тўхтатишган.
Текширув жараёнида қоп ичида одам жасади борлиги маълум бўлди. Ҳодиса ҳақида ички ишлар органларига зудлик билан хабар берилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, жасадни олиб кетаётган эркак бу унинг поччасига тегишли эканини айтган. Унинг сўзларига кўра, марҳум уйига келган пайтида вафот этган ва шу боис кўммоқчи бўлган.
Ички ишлар ходимлари воқеа жойига етиб бориб, жасад билан боғлиқ ҳолатни расмийлаштирди. Жиноятнинг асл сабаблари ва гумондорларга қандай жазо белгиланиши ҳақида маълумот берилмаган.
Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, ҳолатни вақтида фош этган маҳалла раислари Адҳам Раҳимов ва Аъзам Остонқулов «ҳушёрлиги ҳамда тезкорлиги учун» кўкрак нишони билан тақдирланди.