Россия армияси 2025 йил бошидан буён Украинада атиги 0,15 фоиз ҳудудни эгаллаган. Bloomberg агентлигининг DeepState маълумотларига таяниб ёзмоқда. Бу 2024 йил охиридаги кўрсаткичлар билан таққослаганда уч баробар секинлашувни англатади. Ҳозир ҳафтасига ўртача 41 км квадрат олға силжимоқда, аввал бу кўрсаткич 125 км квадратга етган.
Путиннинг барча тўрт областни тезда босиб олиш ҳақидаги умиди реалликдан узоқ, дейди Карнеги жамғармаси таҳлилчиси Эрик Кярамелла. Унинг фикрига кўра, Украина мудофааси Россия ҳужумларини тўхтатиб турибди. Россия айни кунларда фақат локал тактик ютуқларга эришмоқда.
Кремлга яқин манбаларнинг айтишича, Путин ҳанузгача армиясининг тўлиқ ғалабага эришишига ишонмоқда. Ғарб санкциялари таҳдидини эса жиддий қабул қилмаяпти. Аммо Россия Мудофаа вазирлигидаги манбалар ўзлари ҳам бу мақсадларни амалга оширишга шубҳа билан қарамоқда. Уларга кўра, Украина дронлари катта ҳужум операциялари учун хавфли ва уларни жуда қимматга туширади.
ISW маълумотлари 2025 йил май ойигача Россия Украина ҳудудининг 20 фоиздан камроғини назорат қилаётганини кўрсатмоқда. Бу рақамга Қрим, Донецк ва Луҳанскнинг катта қисми киради. Россия эгаллаб олган ҳудудларнинг аксари 2014 ёки 2022 йилда қўлга киритилган.
Россия айни кунларда Луҳанскнинг деярли бутун ҳудудини, Донецк, Запорижжя ва Херсон областларининг тахминан 70 фоизини назорат қилмоқда. 2024 йил давомида Россияга ўтган ҳудудлар асосан кам аҳоли яшайдиган қишлоқлардан иборат 4168 км квадратни ташкил этган.
ISW маълумотига кўра, Россия армияси бу ҳудудлар учун 420 минг киши йўқотган. Ҳар бир эгалланган километр квадрат учун ўртача 102 нафар ҳарбий йўқотилган. 2024 йилнинг сентябридан ноябригача бўлган даврда энг қаттиқ жанглар бўлиб, йиллик ҳудудий «ютуқ»нинг 56,5 фоизи шу вақтда қайд этилган. Бироқ бу жараёнда 125 800 нафар рус ҳарбийси ҳалок бўлган ёки яраланган.