Ҳокимликлар эҳтиёжманд талаба-қизларнинг контракт тўловини қоплайди

21.09.2025 14:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ҳукумати қарорига мувофиқ, маҳаллий ҳокимликлар ҳар йили эҳтиёжманд тоифага кирувчи 150 нафар талаба-қизнинг контракт тўловини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплайди.

KontraktФото: uza.uz

Президентнинг 2021 йил 5 мартдаги ПҚ-5020-сонли қарорига кўра, ҳокимликлар биринчи босқичга қабул қилинган 40 нафар, иккинчи ва ундан юқори босқичларда таҳсил олаётган 110 нафар талаба-қизнинг базавий контракт тўловини тўлаб беради.

Контракт маблағлари қуйидаги тоифадаги хотин-қизларга тўлаб берилади:
Ижтимоий ҳимоя ягона реестрида кам таъминланган деб эътироф этилган оилалардаги талаба-қизлар;
Етим ёки ота-онасидан маҳрум бўлган қизлар;
Турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган эҳтиёжманд аёллар.

Шу билан бирга, қарорда айрим чекловлар ҳам белгиланган. Хусусан, иккинчи мутахассисликда таҳсил олаётганлар, шунингдек, Ўзбекистондаги хорижий ёки хусусий олий таълим муассасаларида ўқиётган талаба-қизларнинг контракт тўловлари давлат томонидан қопланмайди.

Мазкур ташаббус маҳаллий бюджет имкониятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади ва хотин-қизларнинг олий таълим олишида қўшимча ижтимоий ёрдам сифатида кўрилмоқда.