УЕФА Ижроия қўмитаси 23 сентябрь, сешанба куни Исроил миллий жамоаси ва мамлакат клубларини Европа мусобақаларидан вақтинча четлатиш масаласида овоз бериши кутилмоқда. Мазкур ташаббус атрофида қизғин дипломатик кураш давом этмоқда.
Politico ва бир қатор манбаларга кўра, Қатар сўнгги ҳафта давомида УЕФА аъзоларига босим ўтказиб, мазкур масалани кун тартибига киритиш ташаббусини фаол қўллаб-қувватламоқда. Маълумотларга қараганда, ҳозирда фақат икки ёки уч давлат бу қарорга қарши чиқмоқда, қолганлар эса Исроилни мусобақалардан чиқариш тарафдори.
Исроил Футбол ассоциацияси эса вазиятни юмшатиш ва овоз беришга йўл қўймаслик учун турли каналларни ишга солмоқда. Манбаларнинг хабар беришича, ташкилот расмийлари УЕФА нуфузли шахслари билан куну-тун мулоқот қилмоқда ва дипломатик алоқалардан фаол фойдаланмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, агар ушбу қарор қабул қилинса, Исроил клублари Европа лигалари, Чемпионлар лигаси ва бошқа мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Бу нафақат спорт соҳасига, балки мамлакатнинг халқаро имижига ҳам жиддий зарба бўлиши мумкин.
Айнан қайси мамлакатлар қаршилик кўрсатаётгани ҳозирча очиқланмаган. Бироқ УЕФАдаги кўпчиликнинг позицияси Исроилга қарши қарор қабул қилиниши эҳтимолини кучайтирмоқда. Қарор қабул қилинса, у Европада футбол тарихидаги энг резонансли сиёсий қадамлардан бири сифатида қайд этилиши мумкин.