Тошкентда йўл талашиши оқибатида машинадаги аёлнинг ҳомиласи тушиб қолди

21.09.2025 15:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Тошкентда ҳайдовчилар ўртасидаги жанжал оғир оқибатларга олиб келди: Gentra ҳайдовчисининг ҳомиладор рафиқаси ҳодиса натижасида ҳомиласидан айрилди.

Homila yol hodisasi

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Яккасарой туманида BYD автомобили Gentra йўлини тўсиб, ҳайдовчилар жанжалига сабаб бўлгани акс этган. Видеода BYD ҳайдовчиси отаси билан бирга Gentra ҳайдовчисига ҳужум қилгани кўрилади. Шу пайтда салонда унинг ҳомиладор турмуш ўртоғи бўлган.

ИИББ маълумотига кўра, воқеа Яккасарой тумани Муқимий кўчасида содир бўлган.

«Ўнг полосада кетаётгандим, чап полосага ўтмоқчи эдим, поворотни ёқиб, чап полосага ўтдим. Орқамдан BYD келаётганди, унга халақит бермагандим, бемалол ҳолатда кетаётгандим. Кейин BYD орқамдан келиб, сигнал чалиб, ваҳима қилишни бошлади. Сигнал чалиб ташлади. Шу ҳолатда хотиним ҳомиладор, мазаси бўлмай қолди. Хотиним секинроқ юринг, деди, секинлашдим. Лекин BYD ваҳима қилиб яна орқамдан тирашни бошлади. Ўша ҳолатдан кейин машинани ўнгга олдим. Кейин келиб йўлимни тўсиб олди», – деди Gentra ҳайдовчиси.

Ҳайдовчининг сўзларига кўра, шундан сўнг BYD ҳайдовчиси отаси билан машинадан тушиб, Gentra ойналарини синдирган ва ҳайдовчисини дўппослаган.

«Хотиним ҳомиладор десам ҳам, яна келиб уряпти. Унинг айтишича, мен уни сиқиб қўйибман. Ҳеч қандай сиқишли ҳолат бўлмаган у ерда. Агар мен уни сиқиб қўйган бўлсам, минг бор узр, деб кетардим. Тўғри келиб уриб кетяпти. Имкон бермади гапиришга», – дея қўшимча қилди жабрланувчи.

Тергов маълумотларига кўра, воқеа ортидан жабрланувчи аёл шифохонага етказилган. Судга оид тиббий экспертиза тайинланиб, ҳомила тушиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмоқда.

Яккасарой тумани ИИБ томонидан отаси ва ўғлига нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди асосида иш қўзғатилди. Тергов жараёни давом этмоқда.