Эрдўған: Фаластинни тан олиш «икки давлат» ечимини жадаллаштиради

21.09.2025 19:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Туркия президенти БМТ Бош ассамблеясида Фаластинни тан олиш ва Ғазодаги инсонпарварлик фожиасини асосий мавзулар сифатида кўтаришини билдирди.

Erdogan

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулдан АҚШга йўл олишдан олдинги матбуот анжуманида Фаластин давлатига берилган тан олиш қарорлари «икки давлат ечими» ғоясини жадаллаштиради, деб таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, жорий йилги юбилей сессияси 140 дан ортиқ давлат раҳбарларини бирлаштириб, «Яхшироқ дунё, тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари учун 80 йил ва ундан кейин ҳам» шиори остида ўтади.

Эрдўған ҳозирги БМТ тузилмаси 80 йил аввалги форматда глобал муаммоларни ҳал қила олмаётганини кескин танқид қилди. Унинг таъкидлашича, инсонпарварлик инқирозларини Хавфсизлик Кенгашидаги «вето ҳуқуқига эга беш давлат» ихтиёрига қолдириш мутлақо мақбул эмас. «Биз бу ҳақда «Дунё бешдан катта» деган шиор билан 12 йил олдин айтган эдик. Вақт ўтиши билан бу баҳо тўлиқ тасдиқланди», — деди Туркия раҳбари.

Президент айтишига кўра, Ню Йоркдаги чиқишида Туркиянинг инсонпарварлик муаммоларини ҳал этишга қўшган ҳиссаси ва минтақавий барқарорликка қаратилган ташаббуслари алоҳида ёритилади. Унинг нутқида Ғазодаги қон тўкилиш, Фаластин давлати масаласи ва халқаро жамоатчиликнинг жавоб чоралари асосий ўринни эгаллайди.

Шунингдек, Эрдўған БМТ сессияси чоғида қатор икки томонлама учрашувлар, жумладан БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва АҚШ президенти Доналд Трамп билан музокаралар ўтказишини маълум қилди. Ушбу учрашувларда Ғазодаги урушни тўхтатиш учун қўшма чоралар муҳокама этилиши кутилмоқда.

Туркия президенти сессия давомида Фаластин бўйича конференцияда ҳам нутқ сўзлайди, шунингдек, Кипрдаги турк жамоаси ҳуқуқлари ва Туркия ташқи сиёсатининг асосий тамойилларини ёритишни режалаштирган. Эрдўған ташриф доирасида АҚШдаги турк диаспораси ва бизнес ҳамжамияти билан ҳам учрашади.

Президентни Ню Йоркка турли вазирлар ва рафиқаси Эмине Эрдўған ҳамроҳлик қилмоқда. Эрдўғаннинг БМТ минбаридан чиқиши 23 сентябрга белгиланган бўлиб, бу унинг Бош ассамблеядаги 15-чиқиши ҳисобланади.