Самарқандда туғуруқхона қурилиши учун ажратилган 4,5 млрд сўм талон-торож қилинди

22.05.2025 10:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Самарқанд шаҳрида туғруқхона қурилиши бўйича давлат буюртмасига ажратилган маблағлардан 4,5 миллиард сўм ўзлаштирилгани фош этилди. Прокуратура ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Samarqand

Самарқанд шаҳрида қурилиши режалаштирилган 200 ўринли туғуруқхона лойиҳаси доирасида йирик молиявий қонунбузарлик аниқланди. Буюртмачи «Я.Б.Х.» давлат унитар корхонаси ва пудратчи «O.A.Ҳ.» хусусий корхонаси ўртасида тузилган шартнома асосида 31,1 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилиши керак эди.

Аммо бажарилган ишлар бўйича назорат ўлчовидан ўтказилган ҳужжатлар текширувида ишларнинг тўлиқ бажарилмагани маълум бўлди. Жумладан, 2025 йил 10 февралда расмийлаштирилган ҳисоб-варақ фактура орқали 4,5 миллиард сўмлик бажарилмаган ишлар ёлғон маълумотлар билан қўшиб ёзилгани фош этилди.

Маълумотларга кўра, мазкур ҳолатда пудратчи ва буюртмачи корхона раҳбарлари ўзаро тил бириктириб, давлат маблағларини ўзлаштиришга уринган. Улар бюджет маблағларини жуда кўп миқдорда ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.

Вилоят прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар айбдор шахсларнинг жавобгарлигини таъминлашга қаратилган чораларни кўрмоқда.