Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 51 млрд доллардан ошди

08:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2025 йилнинг январь—август ойларида 51,4 млрд долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,8 фоизга кўпдир.

Export import

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, экспорт ҳажми 22,9 млрд долларга, импорт эса 28,4 млрд долларга етган. Шу билан мамлакат ташқи савдоси 5,47 млрд долларлик манфий салдо билан якунланган.

Асосий савдо шериклари орасида Хитой (18,9 фоиз), Россия (16,1 фоиз), Қозоғистон (5,9 фоиз), Туркия (3,7 фоиз) ва Корея Республикаси (2,2 фоиз) етакчи ўринларда турибди. Экспортнинг 75 фоизини товарлар ташкил этган: саноат маҳсулотлари 11,1 фоиз, озиқ-овқат ва ҳайвонлар 7,8 фоиз, кимё маҳсулотлари 5,9 фоиз ҳамда минерал ёқилғи ва мойлар 4,4 фоизни ташкил қилди.

Ўзбекистон жаҳон бозорига мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини оширди. Январ—август ойларида 1,45 млн тонна маҳсулот четга юборилиб, ҳажм 7,3 фоизга ўсди. Экспорт қиймати 1,26 млрд долларни ташкил этиб, йиллик ўсиш 37,3 фоиз бўлди. Шу билан бирга, текстил маҳсулотлари экспорти 1,67 млрд долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 17 фоизга камайди.

Хизматлар экспорти 5,7 млрд долларга етди ва умумий экспортда 24,8 фоиз улушга эга бўлди. Туризм (53,6 фоиз) ва транспорт хизматлари (32 фоиз) етакчи бўлди. Телекоммуникация ва IT хизматлари улуши ҳам 7,9 фоизгача ошди.

Импорт ҳажми 28,4 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 11,8 фоизга ўсди. Асосий қисмни машиналар ва транспорт жиҳозлари (33,8 фоиз), саноат маҳсулотлари (16,1 фоиз) ва кимё маҳсулотлари (12,6 фоиз) эгаллади. Импортнинг учдан икки қисми Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия, Корея, Германия ва Ҳиндистондан амалга оширилди.

Импорт хизматлари 2,9 млрд долларга етди. Уларнинг асосий қисми сайёҳлик (56,8 фоиз) ва транспорт хизматлари (18 фоиз) бўлди. Бу йўналишда йиллик ўсиш 28,6 фоизга тенгдир.

Аввалроқ январ–июл ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 44,4 млрд долларга етгани ҳақида хабар берган эдик.