Пентагондан цензура: журналистлар ахборотни олдиндан тасдиқлатиб олиши шарт қилинмоқда

08:40 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ Мудофаа вазирлиги журналистлар учун янги чекловлар жорий қилди. Энди Пентагонга кириш ҳуқуқини олиш учун улар 17 саҳифалик ҳужжатни имзолашлари ва ҳар қандай маълумотни, ҳатто махфий бўлмаганини ҳам, олдиндан вазирлик билан келишишлари шарт.

Pete hegseth pentagon

The Washington Post ва Politico нашрларининг бу борада ёзишича, бу қарор 19 сентябр куни оммавий ахборот воситаларига етказилган. Politico таъкидлаганидек, бу АҚШнинг энг йирик федерал идораси фаолиятини ёритадиган журналистлар учун ҳозиргача бўлган энг жиддий чеклов ҳисобланади. Қоидалар бузилса, журналистнинг рухсатномаси бекор қилиниши ёки Пентагонга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.

Мудофаа вазирлиги (яқинда президент Доналд Трамп маъмурияти томонидан қўшимча равишда «уруш вазирлиги» деб аталган) бундай чекловларни миллий хавфсизликка таҳдид ва ходимлар хавфсизлиги билан изоҳлади. Мудофаа вазири Пит Ҳегсет охирги ойларда журналистлар фаолиятини тобора чеклаб, Пентагон ходимларининг матбуот билан тўғридан тўғри мулоқотини ҳам қисқартиргани қайд этилмоқда.

Февралда Ҳегсет The New York Times ва NBC News каби йирик нашрларнинг махсус бюроларини йўқотиб, уларнинг ўрнига Newsmax ва Breitbart каби консерватив медиа ташкилотларини пулга киритган эди.

Қарор АҚШда кучли танқидларга сабаб бўлди. «Миллий пресс-клуб» раҳбари Майк Балсамо: «Агар ҳар бир хабар ҳукумат томонидан тасдиқланиши шарт бўлса, жамоатчилик мустақил ахборотдан маҳрум бўлади. Бу ҳар бир америкаликни ташвишга солиши керак», — деди.

20 сентябр куни Ҳегсет ижтимоий тармоқда ўз позициясини қўшимча изоҳлаб, «Пентагонни матбуот эмас, одамлар бошқаради. Қоидаларга риоя қилинг ёки уйингизга кетинг», — деб ёзди.