Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январ–август ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,4 фоизга кўп саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Республикадаги 59 мингга яқин саноат корхоналари ичида энг кўпи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга тўғри келди — 11,9 мингта ёки 20,1 фоиз. Шунингдек, ностандарт минерал маҳсулотлар (14,4 фоиз), кийим (10,1 фоиз), металл буюмлар (8 фоиз), мебел (6,9 фоиз) ишлаб чиқариш ҳам салмоқли улушга эга.
Саноат ишлаб чиқаришнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган миқдори ўртача 17,5 млн сўмни ташкил қилди. Бу кўрсаткич Навоий вилоятида 109,1 млн сўм, Тошкент шаҳрида 40,1 млн сўм, Тошкент вилоятида 32,2 млн сўм бўлиб, республика ўртача даражасидан анча юқори бўлди. Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларида ўсиш суръати юқорироқ қайд этилди.
Саноат ҳажмининг асосий қисми қайта ишлаш соҳаси ҳиссасига тўғри келиб, 561,2 трлн сўм ёки умумий ҳажмнинг 85 фоизини ташкил қилди.
- Қазиб чиқариш соҳаси 7,5 фоиз;
- Электр ва газ таъминоти 6,9 фоиз;
- Сув таъминоти ва чиқиндиларни қайта ишлаш эса 0,6 фоизни ташкил этди.
2025 йилнинг саккиз ойида:
- 28,9 млрд метр куб газ;
- 434,5 минг тонна нефт;
- 4,7 млн тонна кўмир;
- 13,3 млн тонна цемент;
- 402 минг тонна ип ишлаб чиқарилди.
Шу билан бирга, 770,3 минг тонна бензин ва 785,8 минг тонна дизел ёқилғиси тайёрланди.
Қайта ишлаш таркибида озиқ-овқат, ичимлик ва тамаки маҳсулотлари 19,4 фоиз, текстил, кийим ва чарм маҳсулотлари 15,3 фоизни эгаллади. Металл буюмлар, техника ва автоишлаб чиқариш 18,6 фоиз, кимё ҳамда пластмасса маҳсулотлари эса 7 фоизни ташкил қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда январ-июл ойларидаа 575,6 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.