Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январ–август ойларида 284 минг 352 та енгил авто ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 9,18 фоизга кўпдир.
Мамлакатнинг энг йирик автомобилсозлик компанияси UzAuto Motors 99 минг 13 дона Cobalt ишлаб чиқарган, бу эса ўтган йилга нисбатан 2,98 фоизга кам кўрсаткич. Damas ишлаб чиқариши ҳам 57 минг 882 тани ташкил қилиб, 2,8 фоизга пасайди.
Шу билан бирга, Tracker модели 26 минг 385 дона ишлаб чиқарилиб, 9,02 фоизга ўсди. Onix ишлаб чиқариш эса 20 минг 241 донани ташкил этиб, 6,32 фоизга камайди.
Бошқа брендлар орасида сезиларли ўсиш кузатилди. Хусусан, Chery автомобиллари 5909 тага етди (+13,85 фоиз), KIA 17 минг 166 автомобил билан 34,16 фоизга кўпайди. Haval ишлаб чиқариши 5 303 донани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан қарийб 4 бараварга ошди. BYD ишлаб чиқариши эса 12 минг 930 тага етди ва 52 баробарга яқин ўсиш қайд этилди. Илк бор Tank 500 йўлтанламас автомобили 42 та ишлаб чиқарилди.
Бундан ташқари, ҳисобот даврида мамлакатда 35 минг 936 та махсус енгил авто ишлаб чиқарилиб, ўтган йилга нисбатан 2,07 баробарга кўпайди.