АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган Ванденберг авиабазасида 21 май куни «Minuteman III» қитъалараро баллистик ракета синовдан ўтказилди. Мазкур синов АҚШнинг ядровий тўхтатувчи салоҳияти XXI аср таҳдидларига қарши самарали эканини намоён этиш, шунингдек иттифоқчиларга ишонч уйғотиш мақсадида амалга оширилган, деб ёзади Deutsche Welle.
АҚШ Ҳаво кучлари маълумотларига кўра, ракета Mark-21 High Fidelity De-Entry туридаги якка ҳарбий каллак билан жиҳозланган. У Тинч океани марказидаги махсус синов ҳудудигача тахминан 6700 километр масофани босиб ўтган.
«Minuteman III» — бу 1970 йилдан бери АҚШ армиясида хизмат қилиб келаётган қитъалараро баллистик ракетадир. Унинг оғирлиги тахминан 36 тонна, максимал парвоз масофаси 9500 км, тезлиги соатига 24 минг km/h. У АҚШ ядровий кучларида шахта асосида жойлаштирилган ягона ракетадир.
Ҳозирги пайтда АҚШда ҳар бири учтагача ядровий каллак таший оладиган 400 та «Minuteman III» ракетаси мавжуд. Ушбу ракеталар ҳозир ҳам мамлакатнинг стратегик тийувчи кучларини ташкил қилувчи асосий элемент ҳисобланади.
Қайд этиш жоизки, ушбу ракета синови Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведевнинг Ғарб мамлакатларини «учинчи жаҳон уруши» таҳдиди билан огоҳлантирган баёнотидан бир кун ўтиб амалга оширилди. Медведев 20 май куни Петербургдаги форумда қилган чиқишида Ғарб давлатларининг Москвага нисбатан олиб бораётган сиёсатини бутун дунё учун хавфли деб баҳолаган.
У Украинадаги вазият юзасидан Ғарб давлатларини танқид қилар экан, ушбу ҳудуддаги ҳар қандай тинчликпарвар кучлар Россия армияси учун «қонуний ҳарбий нишон» сифатида қабул қилиниши мумкинлигини таъкидлади.