53 минг тадбиркор 171 млрд сўмлик жаримадан озод этилди

15:50 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда солиқ ҳисоботини кечиктириб топширган 53 мингдан ортиқ тадбиркор қонунчиликдаги имтиёз асосида жарималардан озод бўлди.

Soliq

Ўзбекистонда 53 478 та тадбиркорлик субъекти жами 171,6 млрд сўмлик маъмурий жаримадан озод этилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси маълум қилди.

Маълумотга кўра, айрим солиқ тўловчилар турли сабабларга кўра ҳисоботни белгиланган муддатда топшира олмайди. Бу ҳолат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва одатда катта миқдордаги жарималар қўлланилишига олиб келади.

Бироқ, агар тадбиркорлик субъекти бундай қоидабузарликни биринчи марта содир этса ва камчиликларни 30 кун ичида тўлиқ бартараф этса, унга нисбатан жарима эмас, балки фақат огоҳлантириш берилади.

Қўмита маълумотларига кўра, 2025 йил 22 сентябр ҳолатига 53 478 та субъект айнан шу имкониятдан фойдаланиб, жаримадан озод қилинди. Натижада уларнинг ихтиёрида 171,6 млрд сўм қолди.

Ҳозирда яна 6 738 та корхонада ҳам хато ҳисоботни иxтиёрий тарзда тўғрилаб, 30 кун ичида бартараф этиш орқали жаримадан озод бўлиш имконияти мавжуд.

Маълумот учун, ўз вақтида тақдим этилмаган ҳар бир солиқ ҳисоботи учун БҲМнинг 10 баравари — 4 млн 120 минг сўм миқдорида жарима қўлланиши белгиланган.

Аввалроқ январ-июл ойларида умумий овқатланиш корхоналари соҳасида фаолият юритаётган 20 126 та юридик шахс жами 963,3 млрд сўм солиқ тўлагани ҳақида хабар берган эдик.