Фаластин давлати ҳозир қандай мақомга эга?
Фаластинни озод қилиш ташкилоти 1988 йили мустақил Фаластин давлатини эълон қилган ва «глобал жануб» деб аталувчи давлатларнинг кўпчилиги уни тез орада тан олган. Бугунги кунда БМТга аъзо 193 давлатдан 151 таси Фаластин давлатини расман тан олган — улар орасида энг сўнггиси Португалия, деб ёзади BBC ўз таҳлилий мақоласида.
Исроилнинг асосий иттифоқчиси бўлмиш АҚШ анчадан бери фаластинликлар ва исроилликлар икки давлатли ечим юзасидан келишиб олгандан сўнг Фаластин давлатини тан олишга тайёр эканини билдириб келади. Бу ечим Исроил билан қўшни бўлган, Ғарбий соҳил, Шарқий Қуддус ва Ғазо секторида жойлашган мустақил Фаластин давлатини кўзда тутади. Яъни, 1967 йилги араб-исроил урушигача мавжуд бўлган чегараларга мос.
Яқингача асосий Европа давлатлари ҳам худди шу позицияни қўллаб-қувватлаб келаётган эди.
Бироқ 2014 йилдан буён бу масалада ҳеч қандай музокаралар ўтказилмаган ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу фаластинликлар давлат тузиши мумкинлигини инкор этиб, бу ҳеч қачон содир бўлмаслигини такрорлаб келмоқда.
У ўтган йили ҳатто шундай деган эди:
«Исроил Ўрдун дарёси ғарбий соҳилидаги барча ҳудудда хавфсизликни тўлиқ назорат қилиши керак — бу эса ҳар қандай келажакдаги Фаластин давлати ташкил этилиши учун зарур бўлган ерларни ўз ичига олади.
Бу — зарур шарт ва у Фаластин суверенитети ғоясига зид. Нима қилиш керак? Мен бу ҳақиқатни америкалик дўстларимизга айтаяпман. Шунингдек, мен Исроил хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган воқеликни бизга мажбуран қабул қилдиришга уринишларга чек қўйдим», — деган эди Бинямин Нетаняҳу.
Фаластин давлати номидан ҳаракат қилаётган делегация БМТда кузатувчи мақомига эга, аммо овоз бериш ҳуқуқига эга эмас.
Қанчалик кўп давлат Фаластин мустақиллигини тан олмасин, у БМТнинг тўлақонли аъзоси бўлиши учун Хавфсизлик Кенгаши розилиги талаб этилади. У ерда эса АҚШ вето ҳуқуқига эга.
Фаластин халқаро миқёсда кенг тан олинган — у хорижда ўзининг дипломатик ваколатхоналарига, Олимпия ўйинларини ҳам ўз ичига олган халқаро спорт мусобақаларида қатнашадиган жамоаларига эга. Дунё бўйлаб жойлашган Фаластин элчихоналари Фаластин маъмурияти назоратида бўлиб, у халқаро ҳамжамият томонидан фаластин халқи вакили сифатида тан олинган.
Бироқ Исроил билан тинимсиз давом этаётган тўқнашувлар туфайли Фаластиннинг на халқаро ҳамжамият тан олган чегаралари бор, на пойтахти, на армияси. Ғарбий соҳил Исроил томонидан оккупация қилингани сабабли, 1990-йилларда имзоланган Осло келишувларидан сўнг ташкил этилган Фаластин маъмурияти ўз ҳудуди ва аҳолисини ҳам тўлиқ назорат қила олмайди.
Фаластин маъмуриятига раҳбарлик қилаётган Маҳмуд Аббос Исроил томонидан оккупация қилинган Ғарб соҳилининг айрим ҳудудларида Исроил билан тузилган келишувлар асосида чекланган даражада ўзини ўзи бошқариш ваколатига эга. Маъмурият фаластин паспортларини беради ва соғлиқни сақлаш ҳамда таълим тизимини бошқаради.
2007 йилдан бери, қисқа фуқаролик урушидан сўнг, ҲАМАС ҳарбий гуруҳи Аббос бошчилигидаги ФАТҲ ҳаракатини Ғазо секторида ҳокимиятдан сиқиб чиқарган. Ўшандан бери Ғазо сектори ҲАМАС назоратида, бироқ Фаластин маъмурияти бу ҳудуддаги кўплаб давлат хизматчилари маошини ҳали ҳам тўлаб келмоқда.
АҚШдан ташқари деярли барча йирик давлатлар Исроил пойтахти сифатида Қуддусни тан олмаган — АҚШ элчихонасини у ерга кўчирган (бу қарорни Доналд Трамп биринчи президентлик муддатида қабул қилган) ва шундай бўлса-да, ўзининг асосий дипломатик ваколатхоналарини Тел Авивда сақлаб келмоқда.
Бироқ Хитой, Россия, Япония, Германия, Канада, Дания, Миср, Иордания, Тунис ва Жанубий Африка каби 40 га яқин давлат Ғарбий соҳилдаги Рамалла ёки Шарқий Қуддусда ўз консуллик ваколатхоналарига эга. Халқаро ҳуқуқ Исроилнинг ушбу ҳудуд, яъни Шарқий Қуддус устидан аннексиясини тан олмайди. Фаластинликлар эса айнан шу ҳудудни ўз пойтахтлари сифатида кўришни истайдилар.
Фаластин давлатини тан олишга тайёрланаётган давлатлар бу қарор уларнинг дипломатик ваколатхоналари жойлашувига қандай таъсир кўрсатишини ҳозирча очиқламаган.
Фаластинни тан олишни ким ва нега ваъда бермоқда?
Буюк Британия, Франция, Канада, Австралия ва Белгия БМТ Бош Ассамблеясининг сентябр ойидаги сессиясида Фаластин давлатини тан олиш нияти борлигини маълум қилди. Шу билан бирга, Лондон Ғазодаги ҳуманитар инқирозни юмшатиш бўйича Исроил қандай қадамлар ташлаши ва узоқ муддатли тинчлик жараёнини бошлашга тайёрлигидан келиб чиқиб, бетараф қолиши мумкинлигини билдирди.
Канада, Австралия ва Буюк Британия раҳбарлари якшанба куни ўз мамлакатлари Фаластин давлатини расман тан олганини эълон қилди. Уларнинг таъкидлашича, бу қарор орқали улар Исроилга Ғазога нисбатан вайронкор ҳужумларни тўхтатиш, Ғарбий соҳилдаги яҳудийлар манзилгоҳлари қурилишини қисқартириш ва фаластинликлар билан тинчлик музокараларини қайта бошлашга босим ўтказишни мақсад қилган.
Фаластинни тан олишни қўллаган биринчи йирик Ғарб давлати — Франция. Франция президенти Эммануэл Макрон ушбу қадам Фаластин маъмуриятини ислоҳ қилиш ва бошқарув тизимини такомиллаштириш мажбурияти билан бирга бўлиши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ўзгаришлар Ғазони урушдан кейинги бошқарув учун ишончли ҳамкорга айлантиришга хизмат қилади.
Нега баъзи давлатлар ҳанузгача Фаластин давлатини тан олмаяпти?
Фаластинни давлат сифатида тан олмаган давлатлар, одатда, бундай қарорни Исроил билан низо ҳануз расман ҳал қилинмагани сабабли қабул қилмайди.
1990-йилларда бошланган тинчлик музокараларида икки давлат асосидаги ечим, яъни исроилликлар ва фаластинликлар қўшни, мустақил давлатларда яшаши асосий мақсад қилиб қўйилган эди.
Бироқ 2000-йиллар бошидан бошлаб бу жараён аста-секин сусайиб борди. 2014 йилда эса Вашингтонда ўтказилган Фаластин-Исроил музокаралари муваффақиятсизлик билан якунланди.
Энг мураккаб масалалар ҳозиргача ҳал этилмаган — жумладан, келажакдаги Фаластин давлатининг чегаралари ва мақоми, Қуддуснинг статуси, шунингдек, Исроил яратилганидан сўнг 1948–49 йилларда юзага келган фаластинлик қочқинлар тақдири.
Исроил Фаластиннинг БМТга аъзолик учун берган аризасига қатъий қарши.
Исроил билан дўстона муносабатларни сақлашни истаган давлатлар фаластинликларни тан олиш уларнинг асосий иттифоқчисини ғазаблантиришини тушунишади.
Баъзи давлатлар, айниқса Исроилнинг тарафдорлари, Фаластин ҳудудлари Монтевидео конвенцияси (1933 йил)да белгиланган давлатчилик мезонлари — доимий аҳоли, аниқ чегаралар, ҳукумат ва бошқа давлатлар билан муносабатга киришиш қобилиятига тўлиқ жавоб бермаслигини айтишади.
Якуний чегаралар бўйича келишув ва реал тинчлик жараёни бўлмаганда, «Фаластин» тушунчаси аниқ нима англатишини ишонч билан таърифлаш мушкул.
Фаластинликларнинг ўзлари учун келажакдаги давлат учта қисмдан иборат: Шарқий Қуддус, Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳили ва Ғазо сектори. Улар барчаси 1967 йилдаги Олти кунлик уруш пайтида Исроил томонидан босиб олинган.
Шунингдек, Фаластин давлатининг келажакдаги раҳбарияти бўйича ҳам муаммо мавжуд: ФАТҲ ҳам, ҲАМАС ҳам ҳеч қачон фаластинликлар даъво қилаётган барча ҳудудларни тўлиқ назорат қилмаган. Улар орасида доимий рақобат бор ва охирги президент ҳамда парламент сайловлари 2006 йилда бўлиб ўтган. Демак, 36 ёшдан кичик бўлган бирор фаластинлик на Ғарб соҳилида, на Ғазода овоз берган эмас.
Маҳмуд Аббосга 90 ёш бўлган, ва ундан кейинги энг машҳур номзод — Марвон Барқутий (фаластинликларнинг 50 фоизи уни президент сифатида танлашини айтган) Исроил қамоқхонасида. Исроил уни озод қилиш ниятида эмас.
2023 йил 7 октябрдаги воқеалардан сўнг халқаро ҳамжамиятда яна бир фикрда бирлик пайдо бўлди: ҲАМАС ҳеч қандай шаклда Ғазо бошқарувини ўз қўлида сақлаб қолмаслиги керак. Гуруҳ ҳокимиятни мустақил маъмуриятга топширишга тайёр эканини айтган, аммо бу маъмурият кимлардан иборат бўлиши ҳозирча номаълум.
Амалий жиҳатдан тан олиш нима дегани?
Фаластинни тан олишни фақат рамзий ҳаракат деб ҳисобловчилар шундай дейишади: Хитой, Ҳиндистон, Россия ва бир неча ўн йиллар аввал Фаластин мустақиллигини тан олган кўплаб араб давлатларининг ушбу низога таъсири жуда чекланган.
БМТда тўлиқ аъзолик ўрнига эга бўлмаган ва ўз чегаралари устидан назорат ўрната олмаган Фаластин маъмурияти икки томонлама муносабатлар юритишда ҳам чекланган имкониятларга эга. Фаластин ҳудудида расмий элчихоналар йўқ ва давлатлар у ерга ўз дипломатларини эркин юборолмайди.
Исроил товарлар, сармоя, таълим ёки маданий делегацияларнинг кириб келишини чеклайди. Фаластинда аэропортлар йўқ. Денгизга чиқиш йўли бўлмаган Ғарбий соҳилга фақат Исроил орқали ёки Исроил назоратидаги Иордания чегараси орқали бориш мумкин. Ғазо секторига киришнинг деярли барча йўллари ҳам Исроил томонидан назорат қилинади.
Шунингдек, Фаластинни тан олиш ниятидаги давлатлар ва Фаластин маъмуриятининг ўзи таъкидлашича, бу фақат бўш рамзий ҳаракат эмас — ундан анча кенгроқ мазмунга эга бўлади.
Буюк Британиядаги Фаластин элчиси Ҳусам Зумлутнинг айтишича, бундай тан олиш тенг ҳуқуқли томонлар ўртасидаги ҳамкорликка олиб келиши мумкин.
Буюк Британиянинг Қуддусдаги собиқ бош консули Винсент Фин фикрича, бу қарор айрим давлатларни Исроил билан муносабатларининг айрим жиҳатларини қайта кўриб чиқишга ундаши мумкин.
Унинг айтишича, Британия мисолида бу ишғол қилинган Фаластин ҳудудидаги яҳудий манзилгоҳлари келаётган маҳсулотларни тақиқлашга олиб келиши мумкин. Бироқ амалда бу Исроил иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатмайди.
Исроил ва АҚШ қандай муносабатда бўлди?
Ғазодаги урушдаги ҳаракатлари учун халқаро танқидлар тўлқинига дуч келаётган Исроил, Фаластин давлатини тан олиш — 2023 йил октябридаги ҳужум учун ҲАМАСни мукофотлаш бўлади, деб баёнот берди. Айнан шу ҳужум Ғазода тўлиқ уруш бошланишига сабаб бўлган эди.
Ўнлаб йиллар давомида Исроил расман тинчлик жараёни зарурлигини, унинг якунида мустақил Фаластин давлати тузилиши кераклигини тан олган. Бироқ бугунги кунда мамлакатда унинг тарихидаги энг ўнгчи ҳукумат иқтидорда: унинг таркибида Фаластин давлатини барпо этишни бутунлай имконсиз қилишга ваъда берган партиялар вакиллари ҳам бор.
Бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг таъкидлашича, Исроил Ғазо ва Ғарб соҳилида хавфсизлик назоратидан ҳеч қачон воз кечмайди.
АҚШ эса ўзининг Европадаги иттифоқчиларининг Фаластинни тан олишга доир қадамларига кескин қарши чиқмоқда. Жавоб тариқасида Америка маъмурияти фаластинлик расмийларга қарши санкциялар жорий қилди — жумладан, Маҳмуд Аббос ва бошқа Фаластин маъмурияти раҳбарларига БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун виза беришни рад этди, аввал берилган визаларни эса бекор қилди.
АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ Фаластинни тан олиш ҲАМАСни рағбатлантириши мумкинлигини айтганди. Бироқ Буюк Британияга давлат ташрифи якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида ундан бу ҳақда сўрашганида, Трамп бу масалада Кийр Стармер билан «айрим қарама-қаршиликлар» борлигини айтди ва ишонтириш учун бу улар орасидаги «кам сонли келишмовчиликлардан бири» эканини қўшимча қилди.
Буларнинг барчаси Фаластин учун БМТда нимани англатади?
2011 йили Фаластин БМТга тўлақонли аъзо бўлиш учун ариза топширган эди, аммо бу уриниш Хавфсизлик Кенгашида етарли қўллаб-қувватлаш бўлмагани сабабли муваффақиятсизликка учраган ва овозга қўйилмаган.
Бироқ 2012 йили БМТ Бош Ассамблеяси фаластинликлар мақомини «БМТга аъзо бўлмаган кузатувчи давлат» даражасига кўтариш бўйича овоз берди. Бу мақом уларга Ассамблея муҳокамаларида иштирок этиш ҳуқуқини беради, лекин резолюциялар юзасидан овоз бериш ҳуқуқини бермайди.
Бу қарор фаластинликларга бошқа халқаро ташкилотларга, жумладан, БМТнинг энг юқори суд органи — Халқаро жиноий судга аъзо бўлиш имконини ҳам очган. Улар бу ҳуқуқдан 2015 йили фойдаланган.
2024 йил май ойида БМТ Бош Ассамблеясида қаттиқ тортишувлардан сўнг Фаластиннинг ташкилотдаги ҳуқуқлари кенгайтирилди ва уни тўлақонли аъзо сифатида қабул қилишга чақирув қилинди.
Қабул қилинган резолюция Фаластинга Ассамблея муҳокамаларида тўлиқ қатнашиш, кун тартибига бандлар таклиф этиш ва қўмиталарига ўз вакилларини сайлаш ҳуқуқини берди. Бироқ унга овоз бериш ҳуқуқи берилмади — бу ҳуқуқ фақат БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан тасдиқланиши мумкин.
Худди шу йилнинг апрел ойида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзосидан бири АҚШ Фаластинни БМТга давлат сифатида қабул қилиш бўйича резолюцияга вето қўйди ва буни «ҳали эрта» деб баҳолади.
Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари юридик кучга эга, Бош Ассамблея резолюциялари эса йўқ.
«Агар Фаластин БМТнинг тўлақонли аъзосига айланса, у кўпроқ дипломатик таъсирга эга бўлади, жумладан, резолюциялар таклиф қилиш, Бош Ассамблеяда овоз бериш ҳуқуқи, ҳатто Хавфсизлик Кенгашида келажакда иштирок этиш имконияти», — дейди Вашингтондаги Middle East Institute таҳлил марказининг Фаластин ва Фаластин-Исроил ишлари бўйича дастур директори Холид ал-Ғиндий. — «Бироқ буларнинг ҳеч бири икки давлатли ечимга олиб келмайди — бу фақатгина Исроил оккупациясининг тугатилиши орқали амалга ошиши мумкин».
Бироқ Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактабида (SOAS) ривожланиш ва халқаро муносабатлар бўйича профессор Гилберт Ачкар бундай фикрда эмас. У «БМТда тўлақонли аъзо бўлиш Фаластин маъмуриятига катта ютуқ келтирмайди», дейди.
«Бу асосан рамзий ғалаба бўлиб қолади: 1967 йилда босиб олинган ҳудудларнинг кичик бир қисмидан иборат, Исроилга тўлиқ боғлиқ ва таъсирсиз «Фаластин маъмурияти» реаллигига қарши қўйилган «Фаластин давлати» деган хаёлий тасаввур тан олинади. Бу эса «мустақил ва суверен Фаластин давлати»гача бўлган йўлда чексиз узоқ масофадир».