Унда Қайнарбековнинг жамғарма битирувчиларига оид статистикалар, битирувчиларнинг ишга жойлашишидаги муаммолар, Ўзбекистондаги «негативлар» ҳамда жамғарма эндиликда стипендиантларга оид маълумотларнинг жамоатчиликка очиқламоқчи эмаслиги каби масалаларда гапирганини эшитиш мумкин.
Қайнарбеков телеграм орқали ташкил қилинган йиғилишда дастлаб «Эл-юрт умиди» жамғармаси битирувчиларининг ишга жойлашишидаги муаммолар ва шу йўналишдаги оғриқли статистика ҳақида гапиради.
«Ҳозир мисол учун битта нарсани очаман сизларга, статистика таҳлил қилдим. Энди у таҳлилларни сизларга ташлай олмайман. Шу кунга қадар 500 дан ошиқ стипендиат ўқишни битириб келган. Уларни тасаввур қилинглар, 20 фоиздан ошиғи ишсиз юрибди. Яъни бу my.mehnat.uz’дан тортилган маълумот. 27-30 фоизи оддий етакчи мутахассис бўлиб ишлаяпти. 157 нафари таълим соҳасида ишлаяпти, лекин лавозим жиҳатдан паст лавозимларда. Атиги 22 таси миллий даражадаги ташкилотларда ишлаяпти. 30 дан ошиғи бошқарма бошлиғи ёки департамент, ёки бўлим бошлиғи бўлиб ишламоқда», — дейди мутахассис.
Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат пул тикиб, хорижда ўқитган ёшларни яхши ойлик, яхши лойиҳалар ва катта-катта лавозимларда ишлайди, деб ният қилади.
«Демак, биз ўзимиз устимизда кўпроқ ишлашимиз керак. Ўзимизни ривожлантириш. Демак, бир нарсани тушуняпман: фақат топ-университетни битириб келиш кам экан», – дейди Жасурбек Қайнаров.
Йиғилиш давомида мутахассис ОАВ, жумладан, Vaqt.uz сайтида жамғарма фаолияти билан боғлиқ эълон қилинаётган мақолалар ҳақида ҳам гапираркан, улардан танқидийларини «асоссиз» дея атайди. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳамма негативчи бўлиб кетгани, жамғарма стипендиантлари эса позитив фикрлаши кераклигини таъкидлайди.
«Ҳадеб негативни ёритавергандан, позитивни нарсаларни ҳам ёритишга ҳаракат қилинглар. Ўзбекистонда ҳамма негативни гапиравериши етади. Сизлар позитив бўлинглар. Асоссиз нарсалар қилинган. Қаёқдаги Vaqt.uz эмас, расмий нашрлар ёзсин, шунга ишонч билдирса бўлади», — дейди у кутилмаганда кескин қизишиб.
Маълумот учун, аввалроқ Vaqt.uz сайтида барча имтиҳонлардан ўтган бўлса-да, жамғарма раҳбариятининг шахсий муносабати сабаб, Америка Қўшма Штатларига кетолмаган стипендиант Азим Аҳтамов ҳақида суриштирув эълон қилинган эди. (1-ҳавола, 2-ҳавола)
Суриштирув материал ҳозир ҳам сайтимиз ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мавжуд, аммо жамғарма шу пайтга қадар унга бирор-бир шаклда муносабат берган эмас. Таҳририят бу масалада тез орада тегишли ҳуқуқ органларига мурожаат қилишни режалаштирмоқда.
Қайнарбековга қайтсак. У негатив деб атаган, Vaqt.uz’нинг ўша – жамғарма сайтидаги очиқ маълумотлар асосида ёзган ва имтиҳон тизимидаги шаффофлик шубҳага олинган мақоласи кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
«Натижаларни ошкор қилиш бўйича кўп муҳокамалар бўляпти. Мана, халқаро дастурлар, Chevening, Fullbright каби бошқа грантлар натижаси шахсийга ёки почтага боради. Бизнинг мақсадимиз ҳам шу даражага бориш.
Кейинги йилдан ёки танловлардан ҳеч қандай нарса эълон қилинмайди. Мақсад нима? Мақсад — шахсий маълумотлар. Мана Рашид акага ёки Айнурага нисбатан босим бўляпти. Исм-фамилясини ёзишиб, бу бунақа эди дейишяпти. «Нимага бунга берилди? Мактабда мендан ёмон ўқиган эди», каби босим бўляпти. Сизлар бу босимни ҳис қилолмайсизлар. Яъни, бировнинг шахсий маълумотлари кўриняпти, нечи балл олгани ва бошқа нарсаси. Шунга биз секин-секин халқаро тизимга ўтмоқчимиз. Платформа орқали ўзи кўради, ўзи билади, камчиликларини ўзи тузатади. Ҳеч қаерда эълон қилинмайди», – дейди у.
Мутахассиснинг қўшимча қилишича, аввалроқ жамғарманинг бу йилги стипендиатлари ҳақида умуман исм-фамилиялар эълон қилмасликка келишилган бўлган. Лекин умумий маълумот сифатида барибир эълон қилинган. Шунда ҳам аввал улар тест синовлари ва суҳбатдан ўтганлар рўйхатини жойлаган. Якуний рўйхатда керакли баллни тўплай олмаганлар ҳам аниқлангач, улар апелляцияга бериб, балларини ошириб олишгани маълум бўлди. Лекин ҳанузгача жамғарма расмий сайтида бу борада маълумот йўқ.
«Ҳамманинг ўз шахсий email’ига «Табриклаймиз, оиламизга хуш келибсиз!» деган хат юбориб қўймоқчи эдик. Умумуман исм-фамилия бермоқчи эмасдик. Лекин умумий нарсани ҳам эълон қилиб қўйдик, яъни сизлар айтган шаффофлик, адолат ҳисси учун», — дейди у.
Қайнарбеков ўз сўзлари якунида стипендиантларнинг Телеграм гуруҳдаги муҳокама қилаётган мавзуларини танқид қиларкан, ҳаммани янги ғоя ва инсонларнинг ҳаётини яхшилайдиган лойиҳаларни муҳокама қилишга чақиради. Унга кўра, охирги вақтларда жамғарма йиғинларига битирувчилар деярли келмай қўйган.
«Бир-биримизнинг айбимизни, бир-биримизнинг нарсасини ковлайверсак, у ҳеч қачон тугамайди. Биз ўқимишли инсонлармиз. Биз инсоннинг ҳаётини яхшилаш, хизмат қилиш учун келган инсонлармиз. Ҳар кунимиз кимгадир ёрдам бериш билан ўтсин. Шу нарсада бирлашайлик, илтимос. Сизларга лойиҳалар ташланди. Учрашув қилайлик, дейилди. 4 киши билан учрашув ўтди. Лекин 370 тадан ошиқмиз», — дейилади жамғарма бўлим бошлиғига тегишли аудиода.
Шахсий маълумотларнинг ошкор этилиши ва уларга босим тушиши баҳонасида давлат бюджетидан ажратилган пуллар ҳисобига чет эл университетларига ўқишга жўнатилаётган талабаларнинг маълумотларини яшириш, ошкор қилмасликка чақириш бу шаффофликка зид қадам, албатта.
Илёс Сафаров, Vaqt.uz мухбири.