Мирзиёев АҚШ компаниялари билан ноёб минераллар бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди

00:07 | 3 дақиқада ўқилади.

Ню Йоркда Шавкат Мирзиёев етакчи америкалик компаниялар раҳбарлари билан учрашиб, ноёб минераллар соҳасида 1 млрд долларлик лойиҳаларни муҳокама этди.

Mirziyoyev new york

Президент Шавкат Мирзиёев Ню Йоркдаги ишчи ташрифи доирасида резиденциясида АҚШнинг йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Суҳбатда Traxys, Colorado School of Mines, FLSmidth, McKinsey ҳамда Go Green Partners вакиллари иштирок этди.

Traxys дунёда танқидий минераллар етказиб беришда етакчи ҳисобланади. Компания билан 1 млрд долларлик геология ва кончилик лойиҳалари портфели шакллантирилган бўлиб, замонавий технологиялар асосида минералларни қазиб олиш ва қайта ишлаш ишлари режалаштирилмоқда.

Colorado School of Mines билан ҳамкорликда Ўзбекистон Геология университети ҳузурида компетенциялар маркази ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. FLSmidth эса мис саноатидаги лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда.

McKinsey компанияси билан минерал хомашё базасини кенгайтириш ва соҳани трансформация қилиш стратегияси тайёрланган. Go Green Partners эса яшил энергетика учун зарур минералларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича инвестиция киритиш ниятида.

Учрашувда умумий қиймати 20 млрд доллардан ортиқ компаниялар иштирок этгани таъкидланди. Лойиҳаларни тезлаштириш ва янги таклифларни ишлаб чиқиш учун қўшма ишчи гуруҳ ва «йўл харитаси» қабул қилишга келишиб олинди.