Мирзиёев Халқаро валюта жамғармаси билан шерикликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади

08:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ню Йоркда ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева билан учрашиб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама этди.

Mirziyoyev xvj

22 сентябр куни Ню Йорк шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиева билан учрашув ўтказди. Суҳбатда Ўзбекистон ва ХВЖ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва ислоҳотларнинг амалий натижалари муҳокама қилинди.

Кристалина Георгиева Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юксак баҳо берди. У, шунингдек, ХВЖ Ўзбекистоннинг ортга қайтмас ислоҳотларини қатъий қўллаб-қувватлашини қайд этди.

Учрашувда макроиқтисодий сиёсат, бюджет ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш йўналишидаги самарали ҳамкорлик алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, ўзбек мутахассисларининг ХВЖ марказларида мунтазам малака ошириши муҳимлиги қайд этилди.

Президент Мирзиёев ХВЖ кўмаги билан молия соҳаси барқарорлиги бўйича олиб борилган баҳолаш натижаларида қабул қилинган «йўл харитаси»ни амалга ошириш аҳамиятига тўхталиб ўтди.

Томонлар пул-кредит ва фискал сиёсатни ривожлантириш, статистика тизимини трансформация қилиш ҳамда иқтисодий идоралар ходимлари учун ўқув дастурларини кенгайтириш масалалари бўйича келишиб олди.