Axios нашрининг хабар беришича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўтган ҳафта Иерусалимда АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан учрашувда Ғарбий соҳил ҳудудлари устида тўлиқ назорат ўрнатишнинг турли сценарийларини муҳокама қилган. Манбаларга кўра, Нетаняҳу Доналд Трампдан мазкур режага сиёсий ёрдам беришини истамоқда.
Ғарбий соҳил 1993 йилда имзоланган келишувга кўра учта зонага бўлинган: А зона (17,2 фоиз) тўлиқ Фаластин миллий маъмурияти назорати остида; B зона (23,8 фоиз)да фуқаролик бошқаруви Фаластин миллий маъмурияти ихтиёрида, хавфсизлик масалалари эса Исроил билан биргаликда ҳал қилинади. Энг йирик С зона— 59 фоиз ҳудуд эса бошиданоқ Исроил ҳарбийлари ва ҳукумати назоратида бўлиб келмоқда.
Axios нашрининг ёзишича, Исроил ҳукумати айнан шу C зонани тўлиқ оккупация қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. АҚШ расмийлари эса бу қадамга қарши чиқмоқда, чунки бундай қарор Иброҳим келишувларини хавф остида қолдириши мумкин. Мазкур келишувлар Доналд Трампнинг илк президентлик даврида эришилган муҳим дипломатик ютуқ сифатида баҳоланади.
Ҳозирча Вашингтон расмий равишда аннексияга розилик билдирмаган бўлса-да, Қуддусдаги музокаралар орқали Нетаняҳу Трамп маъмуриятидан «йўл харитаси» олишга интилаётгани айтилади. Бу эса яқин келажакда Исроилнинг Ғарбий соҳилдаги сиёсати янада кескинлашиши мумкинлигидан далолат беради.