Усмон Дембеле «Олтин тўп» совриндори бўлди

09:15 | 4 дақиқада ўқилади.

Париждаги тантанали маросим маҳаллий ПСЖ клубининг тўлиқ триумфига айланди.

Ousmane dembele

Франция пойтахти Париждаги «Шатле» театрида France Football журнали томонидан ўтказиладиган «Олтин тўп» ва бошқа анъанавий мукофотлар тақдимоти бўлиб ўтди. Энг нуфузли соврин — «Олтин тўп» бу йил ПСЖ ҳужумчиси Усмон Дембелега насиб этди. У Франция чемпионати ва Чемпионлар Лигасидаги ғалабалари билан клубнинг етакчиси сифатида эътироф этилди.

Маросим ПСЖ учун ҳақиқий триумфга айланди. Жамоа бош мураббийи Луис Энрике — «Энг яхши мураббий», ПСЖ эса «Энг яхши жамоа» деб топилди. Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлган посбон Жанлуижи Доннарумма эса Лев Яшин номи билан аталувчи «Энг яхши дарвозабон» мукофотига сазовор бўлди. Дембеле ортидан иккинчи ўринни «Барселона»нинг 18 ёшли юлдузи Ламин Ямал эгаллади. У икки йил кетма-кет «Энг яхши ёш футболчи» сифатида тан олинди. Учинчи ўрин ҳам ПСЖ яримҳимоячиси Витиняга насиб этди.

Совринларни топшириш шарафи 20 йил аввал «Олтин тўп» соҳибига айланган афсонавий бразилиялик Роналдинёга берилди. Дембеле учун бу мукофот бутун мавсумдаги энг олий нуқта бўлди. Қизиғи, маросим пайтида ПСЖ «Марсель»га қарши Франция чемпионатидаги илк мағлубиятини (0:1) қайд этди.

Аёллар футболида тарихда илк бор «Олтин тўп»ни уч марта қўлга киритган футболчи аниқланди — бу шараф «Барселона» яримҳимоячиси Айтана Бонматига насиб этди. «Энг яхши жамоа» сифатида Лондоннинг «Арсенал» аёллар клуби тан олинди. Англия терма жамоаси мураббийи Сарина Вигман «Энг яхши аёл мураббий», «Челси» дарвозабони Ҳанна Ҳэмптон эса «Энг яхши аёл дарвозабон» бўлди. 19 ёшли Вики Лопес («Барселона») «Энг яхши ёш футболчи» сифатида мукофотланди.

Йилнинг энг яхши тўпурарлари сифатида швед Виктор Дёкереш («Спортинг»дан «Арсенал»га ўтган) ва Испаниянинг «Барселона» ҳужумчиси Эва Пайор эътироф этилди.