Франция расман Фаластинни давлат сифатида тан олди

09:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Эммануэл Макрон БМТ минбаридан туриб Фаластин масласида тарихий баёнот берди.

Emmanueal macron

22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг юқори даражадаги йиғилишида Франция Президенти Эммануэл Макрон мамлакатининг Фаластинни расман давлат сифатида тан олганини эълон қилди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

«Фурсати етди. Шунинг учун ҳам мамлакатимнинг Яқин Шарқдаги тарихий мажбуриятлари ва исроилликлар ҳамда фаластинликлар ўртасида тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларига содиқ қолган ҳолда, бугун Франция Фаластин давлатини тан олишини баён қиламан», — деди Макрон.

Франция раҳбари таъкидлашича, дунё жамияти икки давлат — Исроил ва Фаластиннинг бирга, тинч ва хавфсизликда яшаш имкониятини асраб қолиш учун бор кучини ишга солиши лозим. Унга кўра, бу қарор яқин келажакдаги тинчлик музокаралари учун йўл очади.

Франциянинг бу қадами БМТда икки давлат ечимини қўллаб-қувватловчи декларация қабул қилинганидан кейинги энг муҳим сиёсий ҳаракат сифатида баҳоланмоқда. Парижнинг ташаббуси Яқин Шарқдаги вазиятни юмшатиш ва глобал миқёсда тинчлик жараёнларини қайта фаоллаштиришга қаратилган.

Аввалроқ, Канада, Австралия ва Буюк Британия, уларнинг ортидан Португалия Фаластин давлатини расман тан олгани ҳақида хабар берган эдик.