Ню-Йорк шаҳрида Володимир Зеленский ва Қосим-Жомарт Тоқаев учрашув ўтказди. Суҳбатда икки томонлама иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Зеленский Украинадаги вазият юзасидан ўз фикрларини баён қилди.
Тоқаев бу ўта мураккаб шароитда можарони тугатиш учун дипломатик ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Зеленский эса асосий вазифа сифатида хавфсизликнинг ишончли кафолатлари билан адолатли ва узоқ муддатли тинчликка эришиш эканлигини айтди.
Шунингдек, томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтириш ва Қозоғистон компанияларининг Украина тикланиш жараёнида иштирок этиш масалаларига алоҳида тўхталишди.
Зеленский учрашувдан кейин Украина, АҚШ, Европа ва бошқа ҳамкорлар олиб бораётган урушни тугатиш ва қон тўкилишини тўхтатиш борасидаги ҳаракатлар кенг муҳокама қилинганини маълум қилди.
«Қозоғистонга Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдираман» — деди Зеленский ўз ижтимоий тармоғида.