Доллар курси тушиб бормоқда, нархлар эса йўқ: сабаблар

12:00 | 12 дақиқада ўқилади.

Доллар курси пасайиб бормоқда, аммо бу бозордаги нархларда ўз аксини топмаяпти. Электр тарифлари, кредитлар ўсиши ва қишлоқ хўжалигидаги муаммолар нархларни юқори даражада ушлаб турди.

Dollar kursi

Одамлар орасида «доллар ошса, нархлар ҳам ошади», деган қараш кенг тарқалган. Бундай ёндашув аўалдан маҳалладаги писта сотувчи опанинг ҳам савдосига таъсир қиларди. Бироқ, сўнгги ҳафталарда доллар курси пасайиб бораётган бўлса-да, бозордаги нархлар ҳануз қимматлигича қолмоқда. Шу ўринда савол туғилади: нега доллар тушса ҳам нархлар арзонлашмаяпти?

Аввало доллар курси пасайган даврлардан бирига эътибор қаратиш лозим. Масалан, 23 сентябр учун Марказий банк расмий курсни 12 минг 257 сўм этиб белгилади. Бу қарийб икки йил олдинги энг паст даража билан бир хил. Яъни, 2023 йилнинг 3 ноябрида доллар курси 12 минг 254 сўм бўлган эди

Аслида нархлар фақат доллар курсига эмас, балки бошқа кўплаб омилларга бўғлиқ. Масалан, электр ва газ тарифларининг ошиши барча соҳаларга узоқ муддатли таъсир қилади. Шу йил бошида хизматлар инфляцияси 26,7 фоиз бўлса, сентябрга келиб 16,2 фоизгача тушди. Демак, ўтган йилги тарифлар ошишининг таъсири камайди, лекин ҳали тугамади.

Аввалроқ, Vaqt.uz энергия тарифлари ошгани сабабли Тошкент – Чиноркент электропоезд нархлари ҳам 50 фоизга кўтарилганини ҳақида хабар берган эди. Бундан ташқари, 2025 йил 1 майдан ошган электр энергия нархлари  инфляция кўрсаткичларига ҳам сезиларли таъсир қилаётгани ҳақда ёзган эдик.

Яна бир муҳим омил — кредитлар ҳажмидаги ўсиш. Шу йилда умумий кредитлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 40 фоизга ортди. Хусусан, январ–июн ойларида тижорат банклари аҳолига 9,44 трлн сўмлик ипотека кредити ажратди. Бу эса 2024 йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 37 фоизга (6,88 трлн сўм) кўп. 

Уй-жой таъмирлаш ишлари кучайди, бу эса қурилиш материаллари нархини 5-11 фоизга оширди. Қишлоқ хўжалигидаги омиллар ҳам муҳим: бу йил ёғингарчилик кам бўлгани сабаб картошка ҳосили камайди ва унинг нархи бир йилда 32 фоизга кўтарилди.

 

Демак, долларнинг пасайиши ҳеч нарсага таъсир қилмайдими?

Аслида, таъсир кўрсатди. Валюта курсининг тушиши импорт инфляциясини секинлаштирди. Хусусан, Ўзбекистонда техника, мебел ва кийим-кечак нархларининг ўсиш суръати камайди — йиллик кўрсаткич 6,6 фоиз атрофида.

Аммо одамлар кутгандек умумий нархларнинг бирданига пасайиши учун фақат доллар курси етарли эмас. Бунинг учун бир қатор шартлар зарур: давлат монополияларининг харажатларини истеъмолчига бемалол юклай олмаслиги учун рақобат муҳитини кучайтириш, газ ва электр тарифларини олдиндан аниқ белгилаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини даладан бозорга етказиш харажатларини камайтириш учун логистика ва сақлаш тизимларига сармоя киритиш.

Аҳолида «нархлар фақат ошади» деган кутилма мавжуд экан, бозорда ҳам нархлар худди шундай йўналишда шаклланади. Аксинча, одамлар нархларни жиловлаш мумкинлигига ишонч ҳосил қилса, бозорнинг ўзи ҳам аста-секин мувозанатга келади.

 

Иқтисодчи нима дейди?

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг тушунтиришича, доллар курсининг тушиши назарий жиҳатдан импорт маҳсулотлари нархининг пасайишига олиб келиши керак. Чунки импорт нархларида валюта курси ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Бироқ бу ерда гап номинал эмас, балки реал курс ҳақида кетмоқда. Реал курс ички инфляция ва ташқи омилларни ҳам ҳисобга олади.

Import tovarlar
Инфографика: Миркономика

Холбоевнинг айтишича, долларнинг мустахкамланиши қисқа муддатда умумий нархларга сезиларли таъсир кўрсатмайди, чунки импорт маҳсулотлари истеъмолнинг атиги учдан бир қисмини ташкил этади. Шундай бўлса-да, сўнгги ойлар тажрибаси доллар курси пасайганда импорт инфляцияси ҳам секинлашганини кўрсатмоқда. Масалан, йилнинг биринчи чорагида импорт нархлари индекси 4,4 фоизга ошган бўлса, сўнгги уч ойда бу кўрсаткич атиги 1,3 фоиз бўлган.

Шу билан бирга, июл ойидаги истисно бунга далил бўлди: реал курс қисқа муддатга қадрсизланиб, импорт нархлари тезроқ ошди. Бу эса валюта курсининг нархларга таъсири кучли эканини кўрсатади.

 

Ўзбекистонда доллар курси бозор талабига жавоб беряптими?

Танганинг бошқа томони ҳам бор. Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори ўринбосари Абдулла Абдуқодировнинг айтишича, ўзи доллар курси бозор талабига тўлиқ жавоб бермайди. 

«Экспортнинг 38 фоизи олтиндан келмоқда. Курс олтин сотиш ҳисобига ушлаб турилмоқда ва бу бозор механизми эмас. Натижада тўқимачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари, ҳатто помидоримиз ҳам рақобатбардош эмас», — деди у.

Унинг фикрича, айни пайтда Хитой ва бошқа мамлакатлардан келтирилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари Ўзбекистондагидан арзонроқ ва самаралироқ. «Импортга тўсиқ қўювчи асосий омил божхона божлари эмас, валюта курси бўлиши керак», — деди у.

Август ойида экспортчилар Марказий банкдан сўмни сусайтиришни талаб қилди. Улар курсни эркин қўйишни таклиф қилиб, миллий валютадаги харажатлар ўсиши рақобатбардошликни пасайтирганини билдирди. Трикотаж ишлаб чиқарувчи компания вакили «девальвация экспортчилар муаммосининг 70–80 фоизини ҳал қилади», деди. Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Ваҳoбов эса доллар учун «адолатли курс» 16–17 минг сўм атрофида бўлиши кераклигини таъкидлади.

Демак, долларнинг пасайиши импорт нархларини барқарорлаштирди, аммо ички омиллар сабабли умумий нархлар тезда тушмайди. Шу билан бирга, экспортчилар кучлироқ курсни талаб қилмоқда. Валюта курсидан кутилмалар турлича: аҳоли арзонлашувни кутса, ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар аксинча, сўмнинг сусайишидан манфаатдор. 

Аммо сўмнинг қадрсизлаши ёки мустаҳкамланиши доллар курсидаги ўзгаришлар фонида юз бермоқда. Темур Ишметов асосий ставка бўйича матбуот анжуманида сўм йил бошидан буён 3-4 фоиз мустаҳкамланганини айтган

Иқтисодчилар сўмнинг мустаҳкамланишига турлича изоҳ беришмоқда. Масалан, Юлий Юсупов бу жараённи АҚШ президенти Доналд Трамп сиёсати таъсирида долларнинг қадрсизланиши билан боғлади. Миркомил Холбоев эса ташқи омиллардан ташқари Ўзбекистон ички шароитларига ҳам эътибор қаратди.

Kap Depo директори Фаррух Хўжаев сўмнинг ҳозирги мустаҳкамланишини «қисқа муддатли тузатиш» деб атаб, бу шароитда хусусий сармоядорлар учун долларни сотиш эмас, балки сотиб олишни янада тўғри стратегия сифатида кўрмоқда.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, сўмнинг ҳозирги кучайиши бир нечта омиллар билан боғлиқ: долларнинг пасайиши, валютанинг қўшимча кириб келиши ва импорт ҳажмининг сунъий тарзда чекланаётгани.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ доллар қадрсизланиш фонида сўмнинг мустаҳкамланиш хронологияси ҳақда маълумот берган эдик

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.