Санепидқўмита ҳавода соғлиқни асраш бўйича тавсиялар берди

11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент 22 сентябрда дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлари рейтингида биринчи ўринга чиққанди. Ҳозир ҳам пойтахт ҳавоси сифати инсон саломатлиги учун хавфли даражада турибди.

Changli havo

Ҳаводаги майда чанг заррачалари уй, ишхона ва ҳатто автомобилларга кириб, хона ичидаги ҳавони ҳам ифлослантириши мумкин. Бу ҳолат нафас йўлларига жиддий зарар етказиши эҳтимолдан холи эмас.

Тошкент ҳавосининг ифлосланиши кескин кучайиши ортидан Санепидқўмита чангли ҳавода асраш бўйича махсус тавсиялар берди.

Аввало, имкони борича ташқарига чиқмаслик, зарурат туғилганда эса тиббий ниқоб тақиш ва уни ҳар икки соатда алмаштириш шарт. Кўчадан қайтгач душ қабул қилиш, соч ва юзни ювиш, телефон, калит, сумка каби буюмларни нам салфетка билан тозалаш зарур.

Кўчада кийилган кийимларни дарҳол ювиш ёки ташқарида қоқиш лозим. Томоқ ва бурунни тузли сув билан тез-тез чайиш нафас йўлларини ҳимоя қилади. Соғлом овқатланиш ҳам муҳим: кўпроқ суюқлик, кўк чой, наъматак дамламаси, сабзавотли таомлар ва сут маҳсулотлари истеъмол қилиш тавсия этилади. Ёғли ва тузли таомлар эса камайтирилиши керак.

Уй ва ишхонада ҳавони тоза сақлаш учун дераза ва эшикларни ёпиқ тутиш, гилам ва мебелларни чангютгич билан тозалаш, юзаларни нам латта билан артиш шарт. Хонада намликни таъминлаш учун идишларга сув қўйиш ёки нам сочиқ осиш мумкин.

Мутахассислар айниқса нафас йўли сурункали касалликлари бор фуқароларга чангли ҳавода ташқарига чиқмасликни қатъий тавсия қилишди.