Ипотека кредитида янги имконият: энди норасмий даромад ҳам ҳисобга олинади

12:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси (IQMK) норасмий даромадга эга фуқароларга берилган ипотека кредитларини қайта молиялаштиришни бошлайди.

Ipoteka

Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маълумотига кўра, янги механизм тижорат банклари орқали ипотекани кенгроқ аҳоли қатламига тақдим этишга хизмат қилади. Бу орқали расмий иш ҳақи ҳужжатларини тақдим эта олмаган, аммо барқарор даромад манбаига эга аҳоли қатлами ҳам ипотекадан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Бу ҳақда давлат раҳбари ҳам йил бошида фикр билдирган эди. Шавкат Мирзиёев йиғилишда хорижда ишлаб, юртга пул жўнатаётган фуқаролар расмий даромад йўқлиги сабабли ипотека кредити ва субсидия олиш имкониятидан маҳрум бўлаётганини таъкидлаган. Шу боис, мамлакатга олти ой давомида мунтазам маблағ юборган мигрантлар даромадини ҳисобга олиш тизимини жорий этиш топширилган.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида тижорат банклари аҳолига 9,44 трлн сўм ипотека кредити ажратган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 37,1 фоизга кўпдир. Шу даврда кредит олувчилар сони 20,6 фоизга кўпайиб, 26 минг 201 нафардан 31 минг 589 нафарга етди.

Ўртача ипотека кредити ҳажми 13,7 фоизга ўсиб, 298,6 млн сўмни ташкил этган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги асосий молиялаштирувчи сифатида 6,38 трлн сўм ипотека берган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 74 фоиз кўп. IQMK эса ажратилган маблағ ҳажмини 6,2 фоизга қисқартириб, 800 млрд сўмдан камроқ кредит тақдим этди.