БМТнинг кейинги раҳбари аёл бўлиши мумкинми? Барчаси Трампга боғлиқ

14:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Гутерришнинг ваколати якунланиши олдидан, БМТда янги раҳбар танлови бўйича қизғин баҳслар бошланди.

Bmt binosi

БМТ Бош Ассамблеясида Ғазо ва Украинадаги урушлар кун тартибини белгилаб бериши кутилса-да, Ню Йоркдаги Тортл-Бей мавзесида асосий суҳбатлар ташкилотнинг кейинги Бош котиби ким бўлиши ҳақида айланмоқда. Чунки Антониу Гутерришнинг ваколати 2026 йил декабрида якунланади.

Тарихда БМТга етакчилик қилган тўққиз шахснинг барчаси эркак бўлган. Энди эса аёл номзод тайинланиши ҳақида чақириқлар кучаймоқда. Шу ой қабул қилинган резолюция аъзоларни номзод кўрсатишда аёлларни «жиддий кўриб чиқишга» чорлади. WomanSG ва 1 for 8 billion каби ташаббуслар айнан аёл раҳбар тайинланиши учун ҳаракат қилмоқда, деб ёзмоқда Bloomberg нашри.

Эҳтимолий номзодлар орасида Барбадос Бош вазири Миа Мотли, Янги Зеландиянинг собиқ раҳбари Жасинда Ардерн, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ комиссари Мишел Башеле ва БМТ Бош котибининг ўринбосари Амина Мухаммад тилга олинмоқда.

Бироқ асосий интрига АҚШ позицияси билан боғлиқ. Президент Доналд Трамп ўз маъмуриятида айрим аёлларга юқори лавозимга берган бўлса-да, БМТга илиқ қарамайди ва АҚШнинг бугунги асосий молиявий донорлик ролини Хитойга қолдирган. Шу сабаб, Вашингтон номзоднинг жинсидан кўра, унинг АҚШ манфаатларига қанчалик мос келишини устувор деб билади.

Шу нуқтада БМТнинг ядровий назорат агентлиги раҳбари Рафаэл Мариано Гросси номзоди тилга олинмоқда. Унинг Эрон, БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари ва DEI сиёсати бўйича позициялари Трамп маъмуриятига маъқул келиши мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, навбатдаги БМТ раҳбарининг вазифалари ниҳоятда масъулиятли — дунёда икки йирик урушни тартибга солиш, мезбон мамлакат билан муносабатлардаги синовлар ва ташкилотнинг молиявий инқирозини енгиш каби жиддий масалалар турибди.