Давлат комиссияси баёнига кўра, 2025/2026-ўқув йилида Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари учун 1320 та давлат буюртмаси параметрлари тасдиқланди. Шу орқали мазкур таълим муассасаларига контракт асосида талаба сифатида тавсия этилганлар 29 сентябрдан 5 октябрга қадар абитуриент сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин.
Рўйхатдан ўтиш жараёнида БҲМнинг 50 фоизи миқдорида — 206 минг сўм тўлов ундирилади. Шундан сўнг тест синовлари 12 октябрга қадар ўтказилиб, натижалар 17 октябргача белгиланган тартибда тегишли ОТМларга етказилади.
Шу билан бирга, жорий йил давлат ОТМларига кириш учун ҳужжат топширган, аммо талаба сифатида тавсия этилмаган абитуриентлар ҳам мазкур танловда иштирок этишлари мумкин. Фақат уларнинг тўплаган баллари ва фанлар мажмуаси хорижий ёки хусусий ОТМнинг йўналишига мос келиши шарт.
Эслатиб ўтамиз, 25 сентябрдан 3 октябргача давлат ОТМларидаги бўш ўринлар учун ҳам қўшимча қабул эълон қилинган. Унда 56,7 балл ва ундан юқори кўрсаткичга эришган, аммо талабаликка тавсия этилмаган ёшларга яна бир имконият берилади.