Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов вилоятда саноатни ривожлантириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича хорижий инвесторлар билан музокаралар олиб борди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хитой компанияси томонидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаси икки босқичда рўёбга чиқарилади. Унга кўра, 10 гектар майдонда 50 минг метр квадратли завод мажмуаси ва 2 минг метр квадратли кварц қумини бойитиш комплекси қурилади. Вилоят ҳокимиятининг маълум қилишича, умумий сармоя ҳажми 80 млн долларни ташкил этади.
Завод ишга тушгандан сўнг ойига 300 минг тонна шиша маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Тайёр маҳсулотнинг асосий қисми ички бозор талабларини қондириш билан бирга, Марказий Осиё давлатлари ҳамда Афғонистонга экспорт қилинади.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов инвесторлар билан учрашувида мазкур лойиҳанинг аҳамиятини таъкидлаб, унинг барқарор ишлаши учун маҳаллий ҳокимият доимий қўллаб-қувватлашини билдирди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа тўлиқ ишга тушгандан кейин ҳудуд саноат салоҳияти сезиларли ошади.
Учрашувда қайд этилганидек, Президент олиб бораётган иқтисодий сиёсат туфайли вилоятда фаолият юритаётган Хитой компаниялари сони 80 тадан ошиб, уларнинг инвестициялари минтақада саноат тармоқларини диверсификация қилишга хизмат қилмоқда.