Тошкент ҳавоси ифлосланиши сабабини Экология вазирлиги изоҳлади

13:45 | 7 дақиқада ўқилади.

Пойтахтда кузатилган чангли ҳаво ташқи манбалардан кириб келган табиий оқимлар билан боғлиқ бўлиб, антициклон ва кучли шамоллар таъсирида шакллангани айтилди.

Ob havo

Экология вазирлиги пойтахтда сўнгги кунларда кузатилган қаттиқ чангли ҳаво сабабларига изоҳ берди.

Маълумотларга кўра, 21-сентабр куни марказида атмосфера босими 1010 гПа.гача пасаювчи паст босимли кичик градиэнтли атмосфера соҳаси республиканинг Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида кундуз куни ҳаво ҳароратининг +34…+35 даражагача қизиб кетишини таъминлади.

Ҳатто бу пайтда Тошкент вилояти жанубий стансияларида ҳаво ҳарорати максимум қийматлари +35 даражадан юқорилади. Бу 21-сентабр тунда Каспий денгизи орқали марказида атмосфера босими 1028 гПа гача юқори кўтарилувчи совуқ антитсиклонал жараённинг минтақага давомли фронт олди ғарбий шамоллари билан кириб келишига сабаб бўлган.

21-сентабр куни ва 22-сентабр тонгида Навоий вилояти шарқи, Айдаркўл кўллар тизими атрофига эсган кучли ва давомли ғарбий шамоллар ўз йўналишини Чордара сув омбори ҳудудларидан бошлаб бироз шимол томонга ўзгартирган.

22-сентабр куннинг иккинчи ярмидан Қизилқум шарқи ва Айдаркўл ҳудудлари ҳамда Қозоғистон жанубий вилоятларида кўтарилган чанг ҳаво массалари тўғри Тошкент шаҳрига кириб келган.

Тошкент шаҳрида соат 15:00 дан бошлаб аввалига жануби-ғарбий ва ғарбий ҳудудда ҳавода ПМ2.5 ва ПМ10 майда дисперс заррачалари орта бошлаган.

Ўзгидрометнинг Учтепа ҳокимияти биноси олдига ўрнатилган Ҳориба автомат стансияси айни ўша муддатда ҳаво таркибида 142 мкг/м³ оғирликда майда ПМ2.5 заррачасини қайд этиб, миллий рухсат этилган стандарт қийматдан 4 баробар кўп қийматга етган.

Маълумот учун, ПМ2.5 майда заррачаси бўйича миллий рухсат этилган меъёрий қиймат 35 мкг/м³ ҳисобланади.

Соат 16:00 да пойтахтда жануби-ғарбий шамоллар сониясига 4 метр тезликда эсиб, жануби-ғарб томондан шаҳар маркази ва шимоли-шарқи томон майда дисперс заррачалари жадал тўпланишига олиб келган.

Бу вақтда Тошкент марказий қисмларида ҳам ҳавода ПМ2.5 ва ПМ10 майда заррачалари миллий рухсат этилган меъёрлардан ошган.

Ҳатто пойтахтнинг шарқий қисми «Янги Ўзбекистон» боғида ўрнатилган автомат стансия кузатув обектида майда ПМ2.5 заррачалари миллий рухсат этилган меъёрдан 2 баробаргача (68 мкг/м³) ортиб кетиб, ҳанг ҳаво пойтахтни эгаллай бошлаган.

Тошкент халқаро аэропортида айни 16:00 дан бошлаб кўриниш масофаси 5 км гача чекланган ғубор ҳодисаси кузатила бошланди.

Соат 18:30 да Ўзгидрометнинг Тошкентга ўрнатилган кўплаб автомат стансия қийматларида ҳавода майда ПМ2.5 дисперс заррачалари тахминан 150 мкг/м³ атрофида шиддат билан кўпайиб, Тошкентнинг катта қисмида майда ПМ2.5 заррачалар билан ифлосланиш миллий рухсат этилган меъёрдан 5 баробаргача ортган.

Айни шу пайтда «Тошкент» халқаро аэропортида кўриш масофаси янада ёмонлашиб, 4000 метргача масофани ташкил этган эди.

Прогнозларга кўра, марказида атмосфера босими 1025 гПа.гача кўтарилувчи совуқ антитсиклон республиканинг марказий қисмларидан ўтмоқда. Ушбу жараён 24-сентабрга қадар республика об-ҳавосини белгиловчи оқим ҳисобланиб, 23–24-сентабр кунлари айни Тошкент шаҳри ҳавосида тўпланган майда дисперс заррачаларни тўлиқ «тозалаш» қувватига эга эмас.

Аксинча, ушбу ҳаво оқими ҳавода йиғилган майда заррачаларни аста-секин ерга босиш ҳолатини келтириб чиқаради. 23–24-сентабр тонгги муддатлар ва кечки муддатларда инвер­сия ҳодисаси сабаб ҳавода майда дисперс заррачалари миқдори яна ортиши эҳтимоли бор.

24-сентабр тунги муддатларда антисиклоннинг минтақадан бутунлай чекиниши ва ўрнига бошқа бир паст босимли атмосфера жараёнлари алмашиниш фонида Тошкент шаҳри ҳавосида майда дисперс заррачалардан тез тозаланиш рўй бериши мумкин.