Метрополитен полицияси раҳбари Памела Смитнинг айтишича, гумонланувчи — 30 ёшли Элиас Родригес Чикагодан бўлиб, ҳужумдан аввал музей олдида юриб юргани кузатилган. У тўрт кишидан иборат гуруҳга отиш очган ва иккисини ўлдирган. Қолганлар ва музей ходимлари хавфсизлик ходимлари томонидан ҳимояланган.
Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 21:05 да юз берган. Бу ҳудудда турли давлат муассасалари, музейлар, жумладан, ФБРнинг Вашингтон бўлими жойлашган.
Исроилнинг АҚШдаги элчиси Йехиел Лайтер таъкидлашича, қурбон бўлган жуфтлик яқин кунларда никоҳга киришни режалаштирган, эркак эса яқинда узук сотиб олган ва севгилисига Қуддусда турмуш қуриш таклифини қилмоқчи бўлган. Қурбонларнинг исмлари ҳозирча ошкор этилмади.
АҚШ Ички Хавфсизлик департаменти раҳбари Кристи Ноем ҳодисани «ақлга сиғмас зўравонлик» деб атаб, жиноятчи жавобгарликка тортилишини маълум қилди.
Исроилнинг БМТдаги элчиси Дани Данон эса буни «антисемитизм асосидаги терроризм акти» деб баҳолади.
Ҳодиса ортидан шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилди, марказий кўчалар вақтинча ёпилди. Джоржтаун университети кампуси ҳам қисқа муддатга локдаунга тушди.
Эслатиб ўтамиз, музей яқинда ЛГБТ фахрига бағишланган янги кўргазма сабабли хавфсизлик чораларини кучайтириш учун грант олганди. Музей директори Беатрис Гурвицнинг таъкидлашича, АҚШда яҳудий муассасалари антисемитизм фонида доимий таҳдид остида қолмоқда.