Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда жами 200 дона электробус ва уларга мўлжалланган қувватлаш станцияларини харид қилиш режалаштирилган. Лойиҳа иқлим ўзгаришига мослашиш, углерод нейтраллигини таъминлаш ва экологик барқарор транспорт тизимини шакллантиришга қаратилган.
Мазкур харид бўйича энг яхши таклифлар танловида Хитойнинг «YUTONG BUS Co., Ltd.» компанияси ғолиб чиққан. Компания билан тузилган шартнома асосида транспорт воситалари етказиб бериш жараёни бошланди.
Лойиҳа Хитойнинг Эксимбанки ва «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг молиявий кўмаги билан амалга оширилмоқда. Ҳозирча биринчи партия — 100 та электробус Хоргос орқали Қозоғистон ҳудудидан Ўзбекистонга йўлга чиқди.
Барча 200 та электробусни жўнатиш жараёни 2025 йил сентябр ойи охирига қадар тўлиқ якунланиши белгиланган. Шу билан Тошкентда замонавий ва экологик тоза жамоат транспортидан кенг фойдаланиш имконияти очилади.
Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси Boeing авиасозлик компанияси билан 8 млрд долларлик битими имзолаб 22 та 787 Dreamliner самолётини сотиб олади.