«Yagona integrator UZINFOCOM» МЧЖ томонидан жорий этилган мазкур тизим 2024 йил 6 июлдаги Вазирлар Маҳкамасининг 387-сон қарори асосида амалга оширилди. Унинг мақсади — табиий газ ресурсларидан самарали фойдаланиш, хизмат кўрсатиш жараёнларини хавфсиз ва шаффоф амалга ошириш.
Тизим орқали ҳар бир шохобчада газ қуйиш жараёни автоматик ҳисобга олинади. Бу эса қўлда ҳисоб-китоб олиб бориш заруратини камайтиради, ноқонуний ҳолатларнинг олдини олади ҳамда истеъмолчилар учун хавфсизлик даражасини оширади.
Автомобил газ қуйиш майдонига кириши билан унинг техник кўрикдан ўтганлиги текширилади. Агар кўрик муддати тугаган бўлса, ёки ёқилғи тури мос келмаса, тизим операторни шу заҳоти огоҳлантиради. Бу орқали ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлиги таъминланади.
Шунингдек, шохобчаларга етказиб берилган табиий газ ҳажми ҳам аниқ ҳисобга олиниб, унинг ноқонуний сарфланиш ҳолатларига йўл қўйилмайди. Колонкалар ва ходимлар фаолияти доимий онлайн назоратда бўлиб, тизим Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, «Тошшахартрансхизмат» АЖ, «Энергоназорат» ва OneID каби платформалар билан интеграция қилинган.
Эслатиб ўтамиз август ойи давомида Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги ёқилғи қуйиш шохобчасида ёнғин чиққан эди.