Мигрантлар манфаатига 6 млн доллар ундириб берилди

19:20 | 2 дақиқада ўқилади.

2020–2024 йиллар давомида меҳнат ҳуқуқлари бузилган қарийб 14 минг ўзбекистонлик мигрант фойдасига 6 млн доллардан ортиқ маблағ ундириб берилди.

Migrants

Марказий Осиё давлатларининг III Парламентлараро форумида миграция жараёнлари, меҳнат оқимлари, иқтисодий барқарорлик ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди. Унда Сенат аъзолари Ўзбекистонда қабул қилинган 20 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, Миграция масалалари бўйича республика комиссияси, Миграция жамғармаси ва Миграция агентлиги фаолияти ҳақида ахборот берди.

Шунингдек, мигрантлар учун кадрлар тайёрлаш марказлари ташкил этилгани, фуқароларга ҳуқуқий ва молиявий кўмак бериш чоралари кенгайгани таъкидланди. Чет элда ишга жойлашиш географияси йил сайин ортиб бораётгани қайд этилди.

Иштирокчилар миграция қонунчилигини уйғунлаштириш, халқаро конвенцияларни ратификация қилиш, қўшма дастурлар ишлаб чиқиш ҳамда хавфсиз меҳнат миграцияси механизмларини яратиш борасида ташаббуслар билдирдилар.

Форум доирасида инвестиция муҳити, иқтисодиёт шаффофлиги ва рақамли суверенитет масалалари бўйича ҳам алоҳида сессиялар ўтказилди. Ўзбекистон депутатлари бу жараёнларда миллий қонунчилик тажрибаси ва устувор йўналишлар билан ўртоқлашди.