Абдуллоҳ домланинг маърузасига 6 йил олдин «класс» босган йигит қамалди

19:00 | 6 дақиқада ўқилади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири эса Дин ишлари бўйича қўмита ҳам тақиқланган материалларни билмасдан тарқатганини ёзмоқда.

Chains

2019 йил «Одноклассники.ру» мессенжерида Абдуғани Умаров (Абдуллоҳ домла)нинг «Жаннатга ошиқлар» номли маърузасига лайк босган йигит 2025 йил қамалди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти судлари хабар берди.

Қайд этилишича, судланувчи У. А. ўзининг «Redmi Note 13» русумли телефон аппаратига ўрнатилган Odnoklassniki.ru мессенжерига очилган аккаунтидаги «Класс босилганлар» бўлимида 2019 йилда Абдуғани Умаров (Абдуллоҳ домла)нинг «Жаннатга ошиқлар» номли ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузасига «класс» босиш орқали виртуал дўстларига тарқатган. Бу билан у амалдаги Жиноят кодекси 244-1-моддаси 3-қисмининг «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этган.

Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман судининг 2025 йил 1 июлдаги ҳукмига кўра, У. А. Жиноят кодекси 244-1-моддаси 3-қисмининг «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, шу модда билан унга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

«Судланувчи У. Алмарданов томонидан содир этилган мазкур жиноят оғир турга мансублиги туфайли унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо тайинланган. Шундай бўлсада жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда унга Жиноят кодексининг 57-моддаси татбиқ этилиб, модда санкциясидан камроқ жазо муддати тайинланган». — дейилади хабарда.

Адвокат Беҳзодбек Ғаниевга кўра, У.А.нинг тақиқланган маърузага «класс» босиши материални тарқатиш деб баҳоланган тақдирда ҳам фаол тарқатиш ҳисобланмайди, чунки у ўша маърузани тарғиб қилмаган, унинг мазмунини шарҳламаган, одамларни унга даъват қилмаган.

«Яъни, У.А. нинг ушбу пассив тарқатишдан иборат ҳаракатидан жамоат хавфсизлигига реал таҳдид йўқ (6 йил мобайнида шундай оқибат келиб чиқмаган ҳам). Шунингдек, У.А.нинг қилмиши формал жиҳатдан жиноят ҳисоблансада, қилмиш 2019 йилда юз берган ва У.А. орадан ўтган 6 йил давомида шунга ўхшаш бошқа ножўя хатти-ҳаракатларни содир қилмаган. Шахсига оид маълумотларга кўра, муқаддам судланмаган, оилали, бир нафар фарзанднинг отаси. Бизнингча, судлар ушбуларни инобатга олиб, У.А.га ОМҚ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинласалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди…», — дея ёзган адвокат.

Bektosh Khatamov номли блог эгаси эса Дин ишлари бўйича қўмита ҳам ўзи билмаган ҳолда тақиқланган материаллар тарқатганини ёзмоқда.

«Дин ишлари қўмитаси тақиқланган инстаграм саҳифаларни ҳаволаси билан тарқатиб юборибди. Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан экстремизм ва террозмга ғоялаои билан йўғрилган деб топилган, республика ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган материаллар рўйғатини эълон қилди. Ўзбекистон Республикаси дин ишлари бўйича қўмита тақиқланган сайтлар, саҳифаларнинг рўйхати бор иловани ўз расмий саҳифасида жойлади. Шу линкка кирсангиз ва инстаграм саҳифаларини қараб чиқсангиз, кўпчилик саҳифаларни устига босганда саҳифага ўтиб кетяпти, яъни саҳифалар иловаси билан тарқатилган. Бундан чиқди қўмитанинг ўзи бу материалларни тарқатяптими ёки бу тарқатишга кирмайдими? Ҳар ҳолда билиб қўйган яхшида бутун Ўзбекистон жавобгар бўлиб қолмаса керак-ку, яна билиб бўладими?», — дея ёзган у.